Радиобошловчи Ваҳобиддин Зиё бир юмалаб хонандага айланиб қолганми?

Қишнинг совуқ кунларида бир пиёла иссиқ чой устида кечадиган суҳбатларга нима етсин. Агар бу суҳбат дилкаш, фикрлари теран, ҳаёт ҳақида ўз тасаввури ва мақсадига эга инсон билан бўлса, ундан-да яхши. Бизнинг суҳбатдошимизни муштарийларга батафсил таништириш, унинг таржимаи ҳолини келтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Чунки у соҳир овози билан ҳар куни радиотўлқинлари орқали сизга ҳамроҳ бўлади. У – истеъдодли хонанда, радиобошловчи Ваҳобиддин Зиё.
— Ваҳобиддин, радиобошловчилик соҳасида ўз ўрнингизни топгансиз, миллионлаб тингловчилар сизни жуда яхши кўрадилар, радиодаги эфир соатларингизни интиқлик билан кутадилар. Бироқ сиз серқирра ижодкор сифатида ўз қобилиятингизни намоён этиш мақсадида қўшиқчилик соҳасига ҳам қўл урдингиз. Бошида ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Биргина Фарида Афрўз қаламига мансуб «Эй дўст» номли қўшиғингиз, очиғи, жуда зўр маҳорат билан ижро этилгани сабаб, шуҳрат қозонди. Лекин кейинги ижод намуналарингиз, назаримда, ўз мухлисларини топиши қийин кечяпти. Бу менинг шахсий фикрим. Бунинг ўзига хос бир сабаби борми?
— «Эй дўст» қўшиғи чиндан менга ижод майдонида ютуқ келтирди. Лекин бу қўшиқ тақдимига қадар, ўнга яқин қўшиқ ижро этиб, мухлислар ҳукмига ҳавола этганман. «Юртим», «Онажон», «Нозли», «Тоғ қизи» шулар жумласидан. Ва яна янги қўшиқлар устида ишлашда давом этяпмиз. Табиатан жуда талабчанман… Устозлар сонга эмас, сифатга эътибор қаратишни ўргатишган. Айни шу мезонга кўра, Фарида опанинг шеърини ўқиб, рости жуда таъсирланганман. Сабаби, атрофимиздаги дўстларимиз йиллар ўтгани сайин кўпайиб боради, лекин айни шу вақт мобайнида улар камайиб, сараланади ҳам… Дўстларим хафа бўлмасин. Менимча, энг садоқатли дўстлик ота-она ва фарзанд муносабатига тегишли. Уларнинг дўстлигида гина бўлмайди, кудурат бўлмайди. Ўзим кўрганим-билганимга асосан айтаяпман буни. Қолаверса, ҳақиқий дўстларим борлигига ишонаман, мен ҳам уларга шундай дўст бўлишга ҳаракат қиламан! Бу қўшиқ худди шу сабоқлар билан йиллар давомида қатралардан яралгандек. Ўйлайманки, ижодимда бу каби қўшиқлар ҳали кўп яратилади ва бу йўлда изланиш, интилиш менинг асосий мақсадим!
— Бир соҳа вакилининг бошқа соҳага ўтиши баъзиларнинг энсасини қотиради. Бу ҳамма соҳага тегишли, албатта. Сизни радиобошловчиликдан кутилмаганда хонандага айланиб қолишингиз кўпчиликни таажжубга солди. Кўп қўшиқларни маромига етказиб ижро этганингизга гувоҳ бўлганман. Агар мақсадингиз машҳурлик поғонасига кўтарилиш бўлган деб ўйласак, шундоқ ҳам энг зўр радиобошловчи сифатида элга танилган, шуҳрат қозонган эдингиз. Бошқалар бунга қандай муносабат билдиришди ва сиз уларнинг фикрига қай тариқа жавоб қилдингиз?
— Кўпчилик билмаслиги мумкин. Лекин асли, мен болалигимдан қўшиқ айтардим. Болаликда орзулар кўп бўлади, дейишади. Менда ҳам шундай бўлган. Ҳамма болалар қатори мен ҳам қўй, мол боқиб, ширин орзулар қучоғида катта бўлганман. Айниқса, жўраларим билан қўшилиб, сой бўйига ўт тергани борганимиз эсимдан чиқмайди. Ўт териш баҳонасида, сойда мазза қилиб чўмилардик. Иссиқ қумда ялангоёқ юриб, «кимўзар»га мусобақалашардик. Кейин йўл – йўлакай, радиодан ёдлаб олган қўшиқларимни мен уларга айтиб берардим. Яна уйимиз олдидаги катта тепаликни саҳна деб тасаввур қилиб, унда қишлоқдаги дўстларим учун ўзимча концертлар берардим. Мусиқа ўқитувчим Назар ака Холиқулов биринчи устозим! У киши мендаги истеъдодни пайқаб, ота-онамга буни тўғри тушунтира билганлар. Қолаверса, айнан мана шу инсоннинг камтарона хизмати сабаб, мен «Санъат ғунчалари» республика мусиқа фестивалида қатнашиб, совриндор бўлганман. Кейинчалик талаба ёшлар ўртасида ўтказилган «Ўзбекистон — Ватаним маним» қўшиқлар кўрик-танловида фахрли 3-ўринни эгалладим. Гарчи орадаги танаффус кўпга чўзилмаган бўлса-да, бугунга келиб, мен ўша болалик орзуим аста секин ушалаётганидан жуда хурсандман. Ва элга танилишимда кўмакчи булган журналистика мактаби, устозларим олдида қарздорман.
— Ижодкор халқи шундай нозик бўладики, арзимаган бир кичик танқид унинг қалбига оғир ботиши, ранжитиши мумкин. Ўз навбатида бу ҳол унинг кейинги ижодига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Бу жараёнда сизнинг руҳий оламингиздан келиб чиқадиган бўлсак, уни қандай қабул қиласиз ва қай тариқа жавоб қайтарган бўлардингиз?
— Холисона танқид доимо олқишланган. Ва ҳеч нарса ўз -ўзидан, ҳаракат ва иродасиз, машаққатли меҳнатсиз юзага чиқмайди. Инсоний ирода, биргина қатъий одам иродаси ҳам шу қадар буюкки, айнан мана шу қудрат орқали юзага келган эзгулик кучи ҳар қандай тўсиқни-да енгишга қодир деб ўйлайман. Табиийки, интилиш ва изланиш, бу ҳаётда барчамизга ижобий натижаларни тақдим этишини яхши биламиз. Аммо ҳеч бир муваффақият осонликча қўлга киритилмайди.
— Бугунги кунда қўшиқчилар, хонандалар кўпаймоқда. Ҳар бир хонанданинг ўзига хос йўналиши бўлиши лозим. Аммо деярли барча хонанда бир қолипга тушиб қолган, кимгадир тақлид қилади ва унинг йўналишини танлайди. Тингловчи сифатида айтадиган бўлсам, бу ўша қўшиқчига нисбатан қисқа муддатли ижод йўли деб ўйлайман. Чунки ижодда ранг-баранглик йўқ, ҳамма фақат битта шоир, битта бастакорга мурожаат қилаётгандек туюлади. Сиз ўзингизнинг услубингиз, йўналишингизни кашф этдингизми?
— Биласизми, кўҳна дунё ҳикматларидан бирида шундай дейилади: «Дунёдаги ҳамма шодлик ва эзгуликларнинг манбаи меҳнатдир!» Ирода ва сабот билан эришилади, аслида бахтга! Ижодкорнинг бахти, ўзининг муносиб овози, услубига эга бўлишида деб биламан. Ва бу борада, проффесионал саҳнадаги устозим, Ўзбекистон халқ артисти – Маҳмуд Намозовнинг ўгитларига қулоқ соламан. У кишининг тавсиялари, маслаҳатлари мени санъатда ўз йўлимни мустаҳкам эгаллашимда жуда асқотмокда. Бунинг учун улардан миннатдорман. — Ваҳобиддин Зиёни яхшигина шоир деб билишади. Ўз ижодингиз намуналаридан ҳам фойдаланиб турасизми? — Тан оламан ҳаваскорларга хос машқларим кўп бўлган. Бироқ, бугунги кунда фақат эл суйган ижодкорлар ижодидан фойдаланаяпмиз. Қолаверса, бу биринчи навбатда асл мухлисларимизнинг талаби!
— Маданият соҳаси вакили омманинг назарида туради. Юриш-туриши, ўзини тутиши доимо бошқаларга ибрат бўлиши лозим. Аммо негадир айрим давраларда шоу бизнес вакилларининг қилаётган ишларини кўриб ёқангизни ушлайсиз. Бу ҳақда матбуотда кўп гапириляпти, танқид қилиняпти. Лекин барибир, ўзгариш йўқ, менимча. Назарингизда, санъат соҳасида фаолият юритаётган кишиларнинг бугунги кундаги маданий савияси қай даражада?
— Яхши бир китобда ўқигандим…Айтишадики: доно одам ҳоҳишга қарши курашиб юришдан кўра, ундан воз кечиш афзаллигини яхши билар экан. Тўғри, инсонда хоҳиш-истаклар бисёр. Ва руҳшунос олимлар уларни ижобий ва салбий гуруҳларга ажратади. Ижобий ҳоҳишга, кимларгадир яхшилик қилиш, ўзгаларнинг мушкулини осон этиш ва ҳоказо хайрли амаллар кирса, салбий хоҳишлар ҳам худди шу йўсин ўз йўналиш кучига эга. Салбий хоҳишлар сирасига кирувчи зарарли одатлар — ичиш ва чекиш, соғлом ҳаёт, умуман инсоният умрининг душманидир. Санъат оламида бугун ўзига хос ўринга эга, ширали овози ва ширин сухани билан мухлислар кўнглини забт этган барча устоз ижодкорларга ҳавас қиламан!
— Мухлисларга тилакларингиз?
 — Мухлиснинг борлиги бу ижодкор учун – бахт! Шундай бахтга муносиблигимдан хурсандман. Айни пайтда шу бахтнинг ўзини масъулият деб ҳам тушунаман. Энг улкан орзуим ўзимнинг ҳисобот дастуримни айнан улар учун ҳавола этиш. Биламан, ҳали бунинг учун кўп ишлашим, изланишим лозим. Фақат мухлисларим мени қўллаб қувватлаб туришса бўлгани. Мен учун муҳими, уларнинг ишончи. Уларнинг борига шукр! Ва барчалари биз ижодкорлар бахтига омон бўлишсин, дейман!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Биз Twitterда