Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев: Қозоғистоннинг ўзбек кичик ва ўрта бизнеси тажрибасига эҳтиёжи бор!

 
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан танишиш ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида вилоятлар миқёсида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ўрганиш учун 2 март куни Наманган вилоятига келди.
Дастлаб Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вилоят иқтисодий-саноат салоҳияти ҳақида сўз борди, шунингдек қўшма агросаноат зонаси ташкил этиш муҳокама қилинди.
Сўнгра Ерик Утембаев Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қобилжон Жамолов ва вилоятдаги турли соҳаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан учрашди.
- Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо айланмаси 2 миллиард долларни ташкил этмоқда, лекин ҳукуматларимиз бу миқдорни беш миллиардга етказишни режалаштиришмоқда. Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга қиладиган сафари доирасида бу борада қатор янги келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Лекин биз, катта бизнес алоқалар билан бир ёнда, икки мамлакат вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес доирасида ҳам ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишимиз керак. – деб сўз бошлади Қозоғистон элчиси. – Бугунги кунда Қозоғистонда йирик бизнес ривожланган, лекин кичик ва ўрта бизнес бизда оқсамоқда. Агар Ўзбекистонда бу секторнинг ЯИМ да улуши 82 фоиз бўлса, бизда 30-40 % ни ташкил этади. Шундай экан, Қозоғистон кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун ўзбек тажрибасини ўрганиш керак.  Фақатгина ҳамкорликни савдо билан боғламасдан, қўшма корхоналар ташкил этишни биринчи ўринга чиқаришимиз керак.
Наманганлик тадбиркорлар элчига ўз корхоналари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳақида гапириб беришди, қозоқ бизнеси билан ҳамкорликлари ҳолатини таҳлил этишди, мавжуд имкониятлар ва шерикчилик салоҳиятини намойиш этишди.
- Наманганга келишимнинг боиси вилоятингизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашда, текстил соҳасида ўрганишга арзигулик ютуқларнинг кўплигидир, - деб таъкидлади vodiymedia.uz сайтига берган интервьюсида Ерик Утембаев. – Наманганнинг текстил тажрибасини бугун бемалол дунё текстили тажрибаси сифатида амалга тадбиқ этса бўлади, сабаби вилоятингиз корхоналарида тикилган кийимлар жуда таниқли брендларга айланиб улгурди. Қолаверса, мана ҳоким билан учрашувда муҳокама қилдик, Наманганда қўшма агросаноат зонасини ташкил этишни. Келгусида Марказий Осиёда бемалол дунёдаги энг йирик мева-сабзавот кластерини ташкил этиш мумкинлигини назардан қочирмаслигимиз керак.
Эртага Ерик Утембаев Намангандаги қатор илғор ишлаб чиқариш корхоналари билан яқиндан танишади, ўзбек-қозоқ бизнеси ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда