Осмондан тушган бир миллиардни рад этган аёл

Article

Ҳиндистоннинг Мератх шаҳрида яшовчи Шитал Ядав  мамлакат бош вазири Нарендра Модига маслаҳат сўраб мурожаат қилди. У хатолик туфайли ўз ҳисоб рақамида пайдо бўлиб қолган бир миллиард рупияни (15 миллион доллар атрофида) нима қилиш борасида ёрдам кутмоқда. Бу ҳақда “The Financial Express”  нашрига таяниб, Лента.ру хабар бермоқда.

Шитал Ядав фабриканинг қадоқлаш бўлимида ишлайди ва ойига беш минг рупия  маош олади. 18 декабрь куни у ўзига тегишли банк карточкасидан пул ечди ва ҳисобида миллиард рупия борлигини билди. Аёл кўзларига ишонмади ва банкомат олдида навбатда турган қўшнисидан катта рақамни  (999 999 394) ўқиб беришини сўради. Қўшни ҳам картасида шунча пул борлигини тасдиқлади. Ядав  бошқа банкоматга борди ва у ерда ҳам шу суммани кўрди.

Ҳодисадан ҳуши бошидан учган аёл банкка мурожаат қилди. Икки кун давомида унинг арзини қабул қилишини истамадилар. Кейин Ядавга бир кундан сўнг келишни маслаҳат бердилар. У яна келганда банк масъули бундай ишлар билан шуғулланмаслигини айтди.

Шундан сўнг Ядав турмуш ўртоғи билан ҳукумат раҳбарига мурожаат қилишга қарор қилдилар. Улар бунча пул ҳисобларида бўлиши мумкин эмаслигини таъкидламоқдалар. Хатолик туфайлигина уларнинг ҳисобига миллиард рупия тушиб қолган. Ҳалоллиги намуна бўлишга арзийдиган бу аёл Модидан муаммони ҳал этишда ёрдам сўрамоқда.

Биз Twitterда