ННТлар давлат ривожланиш стратегиясини белгилайди

Article
Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жамиятимиздаги ўрни ва роли йил сайин ошиб бормоқда. Бу ўсиш фақатгина стастистик маълумотларда эмас, балки давлат сиёсатини белгилашда ННТларнинг фикр ва мулоҳазаларини, нуқтаи назарларини ўрганишда ва эътиборга олишда кенгроқ намоён бўлмоқда. 
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят Адлия бошқармаси  ҳамкорлигида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастури” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказилди. Бу ҳақда ФЖШМҚМИ ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда вилоят Адлия бошқармаси, ННТ раҳбарлари ва фаоллари, МФЙ раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бўлимлари, босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш Мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари  Зафар Худойбердиев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Учрашувда вилоят Адлия бошқармаси ва ФЖШМҚМИ Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари томонидан  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари, ҳусусан Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, Ижтимоий соҳани ривожлантириш, Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларни 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га мўлжалланган Давлат Дастури лойиҳаси билан давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари яқиндан таништирилди ва уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари олинди. 

Биз Twitterда