Наманган вилояти ҳокими Бозоров, Ватан учун жон берган офицерлар қишлоғи Тепақиётда!

Расмда: вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, 24-сонли умумтаълим мактабида
 
НАМАНГАН ТУМАНИ /VodiyMedia/ – Эл-юрт тинчлиги, Ватан ҳимояси йўлидаги жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Бундай фидойилар номи доимо эъзоз ва эҳтиром билан ёдга олинади. 1974 йилда Наманган тумани Тепақиёт маҳалласида туғилган Камолиддин Тошпўлатов ҳам ана шундай Ватаннинг мард ва жасур ўғлонларидан бири эди. Болалигидан ҳарбий бўлишни ният қилиб, ушбу касбни ўзининг ҳаёт тарзига айлантирган Камолиддин Тошпўлатов 2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида террористик гуруҳлар билан бўлган жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Бугун унинг номи оила-аъзолари, маҳалла-кўй томонидан чуқур ҳурмат билан тилга олинади. Икки ўғил фарзанди эса ота изидан бориб, ҳарбий бўлишни ният қилганлар.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ Камолиддин Тошпўлатов “Жасорат” медали билан тақдирланди. Давлатимизнинг юксак мукофотини топшириш учун унинг хонадонига вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, ҳуқуқни муофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ташриф буюрдилар. Вилоят раҳбари Камолиддин Тошпўлатовнинг оила-аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, байрам билан муборакбод этди. Ватаннинг бундай мард ва жасур ўғлонлари номи доимо эъзоз ва эҳтиромда эканини таъкидлади. Шундан сўнг марҳум ҳарбийнинг турмуш ўртоғига давлатимизнинг юксак мукофоти “Жасорат” медали ҳамда совға-саломлар топширилди.
 
Расмда: вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Камолиддин Тошпўлатовнинг қайнонаси ва ўғли билан
 
Кейинги манзил Камолиддин Тошпўлатов ва Афғонистонда ҳалок бўлган байналминалчи жангчи, ўлимидан сўнг “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган қаҳрамон Шермуҳаммад Сиддиқов таълим олган 24-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Мактабда халқимизнинг мард ва жасур икки ўғлонига атаб ўрнатилган ёдгорликка гул қўйилиб, улар хотирасига эҳтиром кўрсатилди. Байрам муносабати билан мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган Она Ватанни, тинчликни тараннум этувчи шеър ва куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди.
 
Расмда: Шермуҳаммад Сиддиқовнинг опаси Юлдузхон Сиддиқова

Биз Twitterда