Наманган вилоятида енгил саноатни ривожлантириш ҳамда экспортнинг ҳажмини ошириш – устувор мақсадимиз!

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 21 февраль куни Тўрақўрғонда Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган енгил саноат корхоналари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Айни пайтда Наманган вилоятида 1500 дан зиёд тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолият кўрсатади. Вилоят текстил саноат тармоғи ривожи бўйича нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда энг етакчи минтақалардан бири ҳисобланади.
Наманганда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга уларнинг юқори сифати ва дизайнининг ўзига хослиги учун хорижда ҳам талаб юқори, бироқ ҳали жаҳон бозори етарлича эгаллангани йўқ. Қозоғистон, Қирғизистон, Россия сингари давлатлар билан ўрнатилган ҳамкорликликни энди Европа давлатлари ёки АҚШ даражасида тараққий эттириш лозим.
 
 
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мулоқот чоғида айни шундай масалалар юзасидан тўхталиб, экспортни йўлга қўйиш ва унинг кўламини кенгайтириш йўлида ғов бўлаётган ҳар қандай муаммони ҳал этишда тадбиркорларга амалий ёрдам берилишини алоҳида таъкидлади.
Йиғилганлар хорижий харидорлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш жараёнидаги мавжуд муаммоларни ўртага ташладилар. Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, валюта ўтказмалари, маҳсулотларни хорижий бозорларда рекламаси ҳамда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун пул-кредит масалаларидаги таклиф ва мулоҳазалар эшитилди.
Муаммоларни бартараф этиш юзасидан вилоятдаги тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди. Енгил саноатни янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича вилоятдаги барча мавжуд имкониятларни ишга солишга келишилди.

Биз Twitterда