Наманган вилоятида экспорт жадал давом этмоқда

Сўнгги уч йил ичида йиллик экспорт ҳажми бўйича ўттиз баробардан кўп ўсишга эришган Наманган вилоятида 2020 йил учун йиллик 500 миллион доллар экспортни амалга ошириш марра қилиб олинган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Жорий йил январь-март ойлари учун Наманган вилоятида 85,1 млн долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида 84 млн долларлик саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли эълон қилинган чеклов ва карантинлар натижасида хорижий бозорларда ҳам тайёр маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайишига қарамай, наманганлик экспортер корхоналар маҳсулотлари хорижда харидоргирлигини сақлаб турибди.
Вилоятдаги 211 та корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар 24 та хорижий мамлакатга экспортга жўнатилди. Наманган вилояти экспортининг асосий йўналишини Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорлари ташкил этди.
Вилоят ҳудудлари бўйича таҳлил қилганда Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманлари белгиланган экспорт прогнозини муддатидан илгари бажаришга эришдилар.
Доимий экспорт талабига эга бўлган Наманган тикув-трикотаж ва тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан бирга мева ва гул кўчатлари экспорти ҳажми ҳам сезиларли даражада ошгани эътиборга лойиқдир.
“Textile Finance Namangan” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси ва “Uztex Uchkurgan” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, “Biryuza Group” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотлари, “Namangan Momiq Sochiqlari” МЧЖнинг сочиқлари, “Uzchasys” МЧЖ қўшма корхонасида тайёрланган автомобиллар учун фаралар, шунингдек, мева-сабзавот йўналишида “Mingbuloq Eksport Agro Tomorqa Xizmati” МЧЖ томонидан хорижий бозорларга юборилган ҳўл мева ва сабзавот ҳамда гул кўчатлари, “Чуст Ўрикзор” фермер хўжалигида етиштирилган дуккакли маҳсулотлар асосий экспорт ҳажмини ташкил этди.

Биз Twitterда