Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими қайси камчиликлари учун ишдан олингани маълум бўлди

 
Шу йил 8 июль куни халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ ва котибиятлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, масалага дахлдор вилоят ташкилотларининг раҳбарлари, вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров кун тартибидаги ташкилий масала юзасидан маъруза қилди. Нотиқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 7-8 июль кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари наманганликлар ҳаётида ўчмас из қолдирган тарихий воқеа бўлганини эътироф этди. Биргина, Наманган шаҳридаги тоза ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш учун 200 миллиард сўм маблағ ажратилгани мамнуният билан айтиб ўтиш жоиз.
Дарҳақақат, давлатимиз раҳбари вилоятимиз маркази ва қатор туманларда бўлиб, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилаётган қатор янги лойиҳалар билан танишиб, вилоят аҳлининг ғайрат-шижоатига юқори баҳо берди. Шу билан бирга, ташриф давомида фойдаланилмаган имкониятлар, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига тўсқинлик қилаётган нуқсонлар рўй-рост очиб ташланди. Бундай нохуш ҳолатларга йўл қўйган раҳбар ва мутасаддилар фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Вилоятимиз ҳокими шунингдек, ўз сўзида Наманган шаҳри ҳар соҳада вилоятнинг юзи ва кўзи бўлиши керак. Айнан шаҳардаги янгиланиш, бунёдкорлик, маъмурчилик, ободончилик, соғлом маънавий муҳитга қараб вилоятга баҳо берилишини таъкидлади. Бироқ кейинги йилларда шаҳар ҳокимлиги тизимидаги лоқайдлик, ўзибўларчилик, ижро интизомига риоя қилмаслик, ҳокимдан тортиб раҳбар-мутасаддилардаги бефарқлик ва боқимандалик фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Рақам ва таҳлилларга шуни кўрсатмоқдаки, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилди. Жумладан, 2017 йилнинг ўтган олти ойи давомида саноат корхоналари томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 5 миллиард 200 миллион сўмга камайтириб юборилган. Жорий йилга мўлжалланган дастурлардаги энг муҳим лойиҳалар ижроси учинчи ва тўртинчи чоракларга суриб қўйилган. Ёки бугунги кунда шаҳарда 32 та хусусий саноат корхоналарини фаолият юритмаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?     
Раҳбарлар томонидан аввал хусусийлаштирилган, лекин ҳозирда фойдаланилмаётган биноларни тадбиркорлар томонидан ишлатиш, нақд пул тушуми прогноз кўрсаткичларини ишга солиб бажариш бўйича етарли амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмаганлиги кескин танқид қилинди. Бугунги куннинг долзарб вазифаси саналган коммунал тўловлардан қарздорликни камайтириш, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувини етказиб беришда ҳам камчиликлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, ҳозирда аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги 35,9 миллиард сўмни, табиий газдан эса 93,1 миллиард сўмга етган.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз томонидан вилоятимизга, хусусан Наманган шаҳрига қаратилган эътибор ва ғамхўрликларга муносиб жавоб изланиш ва ташаббускорликни кундалик амолга айлантириб ишлашни талаб этади. Аммо Наманган шаҳар ҳокими, унинг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари зиммаларидаги юксак масъулиятни унутиб қўйдилар.
Одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, халқ билан дилдан ва очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратиш борасида ҳам сусткашликка йўл қўйилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушган 7965 та мурожаатдан 3801 тасига муддатини бузиб, жавоб қайтарилиши энг аввало шаҳардаги биринчи раҳбарнинг халқ билан ҳамнафас бўлмаганини кўрсатади. Аксарият маҳаллалардаги лоқайдлик шаҳарнинг кўркам қиёфасига соя сола бошлади. Қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, саноатни ривожлантириш, экспартёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига кенг йўл бериш каби муҳим вазифалар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини қандай изоҳлаш мумкин? Қурилиш ишларида шаҳарсозлик талабларига амал қилинмаётир. Ёниб ишлайдиган, янги иш ўринларини очаётган, маҳсулотларини хорижга экспорт қилаётган тадбиркорларга айнан шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари қўшқанот бўлишлари лозим. Таассуфки, амалда бунинг мутлақо тескариси кузатилмоқда. Шаҳардаги кўпқаватли уйлардаги шарт-шароитлар ҳам бугунги кун меъёрларига мутлақо жавоб бермайди. Аҳоли, хусусан ёшлар билан ишлаш, соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий низоларнинг олдини олишда ҳам тизим йўқотиб қўйилган. Бу эса табиийки одамларимизда ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Маъруза давомида юқорида қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, бу борада ижобий ўзгаришларни амалга ошиириш лозимлиги юзасидан Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султонов, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Исомиддинов, шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Дадажонов, шаҳар поркурори Мирзоҳид Тўйчиев, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ҳакимовлардан жиддий масъулият билан ёндашиш сўралди.
Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбарининг вилоят фаоллари ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган йиғилишида Наманган шаҳар ҳокими фаолиятига танқидий баҳо берилди ва шу боис депутатлар вилоят ҳокимининг Баҳодир Бекхўжаевни ўз аризасига кўра Наманган шаҳар ҳокими вазифасидан озод этиш тўғрисидаги қарорини тасдиқладилар. Вилоят ҳокими Наманган шаҳар ҳокими лавозимига ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг департамент мудири сифатида ишлаб келаётган Шавкат Абдураззоқов номзодини ҳавола этди. Мазкур қарор депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов, шаҳар Кенгаши депутати, 77-умумтаълим мактаби директори Олимжон Ҳайдаров, Наманган санъат коллежи директори Нортожи Юсупова, Наманган “Ёшлар маркази”нинг “Ёш журналистлар” тўгараги раҳбари Ҳожиакбар Паттоевлар йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳал этиш, бунда янги ҳоким билан ҳамжиҳат ишлаш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Янги тайинланган Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, Президентимизнинг ишончини оқлашга, муҳим вазифаларни бажаришда сидқидилдан ишлашга ваъда берди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Умар Исмоилов иштирок этди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда