Наманган мўжизалари: «Чир-чир момо» кўз ёшлари

 
«Чир-чир момо» зиёратгоҳи («Она кўз ёши» зиёратгоҳи) Поп тумани Чодак қишлоғида жойлашган бўлиб, ҳудуди 0,36 гектардан иборат.
Табиати ўзига хос бўлиб, у ердаги булоқда ўсган яшил ўтлар худди қизларнинг ёйилган сочини эслатади ва улардан ерга сув томчилаб тушади. Булоқнинг тепа қисмида қабр мавжуд бўлиб, унинг ёнига оддий қилиб хона қурилган. Маълум бўлишича, булоқнинг суви шифобахш ҳусусиятга эга.
Афсоналарга кўра, Исмоил Отойи Сайрам шаҳридан (Қозоғистон) чиқиб, бир қанча аскарлари билан жангда иштирок этаётган вақтида, Оқтов этагидаги «Арашанбулоқ» ёнида танасининг ўн икки жойига камон ўқи тегиб, ерга қулайди. Буни кўриб, у кишининг ёнида бўлган аскар кийимидаги синглиси чириллаб йиғлаб юборади.
Маҳаллий чорвадорларнинг маслаҳати билан Исмоил Отойини «Арашанбулоқ»да чўмилтирилгач, бемор бир ҳафта ичида тузалиб, Чодак томон юришини давом эттиради.
Бироқ, Чодакка кираверишдаги «Шунавовоз» манзилига етишганида, Исмоил Отойининг синглиси ҳаётдан кўз юмиб, унинг жасади Чир-чир ғори устидаги тепаликка дафн этилади.
Шу тариқа «Чир-чир момо» зиёратгоҳи юзага келиб, у ерга ўз даврида Исмоил Отойига доҳил аскарларнинг аёллари дафн этилган.
 
 
Наманган давлат университети «Тарих» кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди А.Эрқўзиевнинг сўзларига кўра, ушбу зиёратгоҳда 2017 йилда реконструкция ишлари олиб борилган бўлиб, обида ўзининг мўжизавийлиги (йил давомида катта харсанг тош остидан томчилаб сув тушиб туриши) билан кўплаб зиёратчиларни жалб қилиб келади.
 

Биз Twitterда