Наманганда Наврўз насими

 
Кўҳна ва навқирон айём – Наврўз байрамига наманганликлар ҳам ўзгача кўтаринкилик билан пешвоз чиқдилар. Вилоят шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган 800дан зиёд маҳалла худудларидаги кўча ва хиёбонли гузарларда катта ҳажмда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ва тартиблаштириш ишлари амалга оширилдики, бетакрор Наврўз шарафига бағишланган яратувчилик ишлари натижасида фусункор Наманган янада зеболанди.
Байрам арафасида ишга туширилган янги бинолар, Президентимиз, ҳукуматимиз қарор ва фармонлари асосида жорий қилинган янгича тартиб ва янада қулай механизмлар ёшу қарига бирдай кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Бу галги Наврўз байрами муҳтарам Президент қарорига мувофиқ жойларда сайил тарзида нишонланадиган бўлди, бу кекса-ю ёшга бирдай маъқул келдики, тараддуд ишлари кенг авж олди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров имзоси билан тасдиқланган “Байрам сайилларига тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ айнан 21 март куни вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида, “Бобораҳим Машраб”, “Камолот”, “Кичкинтойлар” боғлари ҳамда янги барпо этилган “Уч фаввора” хиёбонида сайиллар ўтказилди.
 
 
“Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан тайёрланган безакдор паннолар кўнгилларга наврўз қутловлари, орзу умидлар ва ҳикматлар жарангини солди.
“Ўлкамга хуш келдинг, Наврўзи олам” деб номланган театрлаштирилган байрам сайилида санъаткорларнинг мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлари, Ғурумсарой кулолчилари, Чортоқ зардўзлари, Нанай ҳунармандларининг мўъжизага қиёс маҳсулотлари, косонсойлик, коросконлик, чустлик дорбозларнинг бетакрор чиқишлари, ўқув марказларининг миллий либослар кўргазмалари, рақс ва аскиячилик, миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, миллий таомлар ва дастурхон безаш танловлари, шаҳар ва туманлар вакиллари иштирокида 26 та энг тотли ош ва сумалак тайёрлаш беллашувлари ўтказилди.
 
 
ЮНЕСКО томонидан 21 мартни “Бутунжаҳон шеърият куни” деб эълон қилинганки, сайилгоҳларда шоирлар мушоиралари ўтказилади. “Тинчлик куни”, “Она сайёра куни” сифатидаги анъанавий тадбирлар яна сайқал топди.
 
 
Муҳаббат Кандакова, Муроджон Аҳмадалиев, Севинч Муҳаммаджонова. Нозима Қаюмова, Суғдиёна Мадалиева, Жамшид Муҳаммадалиев, Мухтасар Тоҳирова, Сардор Солижонов сингари халқаро мусобақалар шохсупасидан давлатимиз байроғини баланд хилпиратган спортчилар, фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат йўналишларида катта муваффақиятларга эришиб, эътироф қозонган истеъдод соҳиблари билан учрашувлар, рассомларнинг амалий кўргазмалари, нуронийлар гурунги каби тадбирлар сайил мазмундорлигини таъминлаганлиги шубҳасиз.
 
 
Байрам сайилларида миллатлараро дўстлик ва бирдамликка алоҳида эътибор қаратилгани ҳам Наврўз байрамининг қадру нуфузини оширади. Турли миллат-элат вакилларининг сайилгоҳларга ўзига хос миллий куй-қўшиқлари билан ўзига хослик бахш этиши, улар ҳам ўз миллий ҳунармандчиликларини намойиш этишгани, ҳикматли урф-одатларини, таом ва дастурхонларини ёзишгани байрамга янада завқ бағишлади.
НОСИР АББОС
Расмлар муаллифлари: Оқилхон Дадабоев, Темурмалик Воҳидов

Биз Twitterда