Намангандаги ўрта таълим мактабларига 1,3 миллиард сўмлик мусиқа асбоблари берилди

Наманган шаҳар Маданият марказида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
Жорий йилнинг ўтган даврида Норин ҳамда Учқўрғон туманларида бўлиб ўтган учрашувлардан бироз фарқли ўлароқ, бу галги ҳоким ва ёшлар мулоқоти вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа ва санъатга қизиқувчи ўқувчиларини жамлади. 
 
 
Учрашув аввалида Маданият маркази фойесида вилоятдаги вилоятдаги шаҳар ва туманлар “Баркамол авлод” болалар марказлари техник ва бадиий ижодиёт тўгараклари қатнашчиларининг кенг қамровли кўргазмаси ташкил этилди.
 
 
Ёшлар билан учрашувда сўз олган вилоят ҳокими Бозоров, Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлиши белгилаб берилган 2020 йилда вилоятда ёшларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш борасида қилинаётган ва қилиниши режалаштирилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
 
 
“Муҳтарам Президентимиз томонларидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг биринчиси, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш борасидаги ишлар ҳам доимий эътиборимизнинг марказида бўлади” деб таъкидлаган вилоят раҳбари, умумий ўрта таълим масканларида янги 1370 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилаётганини қайд этди. 
 
 
Ушбу тўгаракларнинг моддий-техник базасини шакллантириш учун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан скрипка, рубоб, доира ва дуторлардан иборат умумий қиймати 1 млрд. 300 млн. сўмликдан зиёд мусиқа чолғу асбоблари сотиб олинди. 
Бугунги учрашув чоғида шаҳар ва туманлар халқ бўлими мудирларига мактабларга етказиш учун ушбу чолғу асбоблари топширилди. 
Учрашувда ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар билан вилоят ҳокимига мурожаат қилдилар. 
 
 
Мурожаатлар орасидан мактаб ўқувчиларига стипендия жорий этишдан бошлаб, қўғирчоқ театри қуриб беришгача бўлган ўнлаб бир биридан ажралиб турувчи фикрлар жой олди.
Ўқувчиларнинг таклифи билан бу йилдан бошлаб ёшлар ўртасида анъанавий мусиқанинг 3 та – мақом, опера, эстрада қўшиқчилик йўналишларида Наманганда ўтказиладиган “Afsona music” ёш талантлар очиқ кўрик-танловига халқ чолғучилиги йўналиши ҳам қўшиладиган бўлди.

Биз Twitterда