Мухаммадаюбхўжа Апақов Уйчи туманининг янги ҳокими бўлди!

 
2018 йил 14 август куни Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Уни Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Фазлиддин Муҳиддинов олиб борди.
Vodiymedia.uz'нинг Уйчи туман ҳокимлигидаги манбаси хабар беришича, сессияда ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров сўзга чиқди. 2017 йилдан Наманган вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Апақов Мухаммадаюбхўжа Пўлатович Уйчи тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, вилоят ҳокимининг шу ҳақдаги қарори сессияда бир овоздан тасдиқланди. Мухаммадаюбхўжа Апақов билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Уйчини вилоятдаги етакчи туманлар сафига олиб чиқишга ваъда берди.
 
Мухаммадаюбхўжа Апақов 1968 йили Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Тошкент давлат молия институтини, Наманган давлат университетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Солиқ тизимида узоқ йиллик фаолиятидан сўнг, 2002 йили Косонсой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган. 2005-2008 йилларда Косонсой тумани ҳокимининг ўринбосари, 2008-2015 йилларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида иш олиб борган. 2015-2017 йилларда Наманган вилоят "Сувоқава" давлат унитар корхонаси директори бўлган. 2017 йилдан Наманган вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Биз Twitterда