Москвада боласи тортиб олинган ўзбек аёли ҳикояси қандай якун топади?

Article

Сўнгги кунлар ичида Москвада истиқомат қилувчи ўзбекистонлик аёл Нилуфар Мамасаидованинг боласи полиция томонидан тортиб олиниб, шифохонага жойлаштирилгани ҳақидаги хабар кенг жамоатчилик орасида катта муҳокамага сабаб бўлди.

Аввалроқ матбуотда Мамасаидовадан бир ёшли қизи Манижани, аёлнинг Москва ички ишлар бўлимлардан бирига ҳужжатларини ўғирлатиб қўйгани туфайли мурожаат қилган пайтида олиб қўйилгани маълум қилинганди.

Лекин Россия ташқи ишлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси бу маълумотларни рад этди. Москва полицияси расмий маълумотларига кўра аёл 2015 йилдан бери Россияда рўйхатдан ўтмай яшаб келган бўлиб, Кунцево тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 26 декабрь куни маҳкамага олиб келинган. Текширув чоғида аёл ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим этмаган. Шу пайтда у билан бўлган қизчасига тиббий ёрдам кўрсатиш учун ходимлар тез ёрдам чақиришган. Онаси унинг бир неча кундан бери иситмаси кўтарилиб, безовта бўлаётганини айтган. Етиб келган тиббиёт ходимлари эса, уни 1-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизишган. Аёлга эса маъмурий иш очилиб, кўриб чиқиш учун судга оширилган.

Ўша кундан бошлаб, Мамасадовани ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Исмоилов ҳимоясига олиб, унинг ҳуқуқлари бузилиши, боласини тортиб олиниши юзасидан иш олиб бормоқда. Куни кеча у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида 16 кун деганда она ва бола кўришганликлари ҳақида маълумот қолдирди.

Адвокатнинг айтишича, полиция ходимлари қизчани қаровсиз қолган бола сифатида қайд этишган ва шунга доир ҳужжат тузишган ҳамда шу ҳужжат асосида болани шифокорлар қўлига топширишган. Баҳром Исмоилов ижтимоий тармоқ орқали воқеалар ривожи юзасидан хабар бермоқда. Сўнгги постида шундай мурожаат мавжуд:

"Ҳурматли, дўстлар! Биз Нилуфар ва Манижани зудлик билан уйига жўнатишимиз керак. Унинг пули йўқ. Бор пулини 2016 йилнинг 25 декабрида ўғирлаб кетишган. Кўпчилигингиз менга Нилуфарга моддий ёрдам бериш таклифи билан мурожаат қилдингиз. Ҳозир биз у билан қизига Ўзбекистонга етиб олиш учун чипта харид қилишимиз зарур".

Ҳар икки томон воқеага турли нуқтадан ёндашишмоқда. Нима бўлганда ҳам ҳамюртимизни эсон-омон юртимизга қайтиб олиши ва қизи билан бирга бўлиши ҳаммамизни ҳурсанд қилади.

Бу можароли вазиятга Россия президентининг болаларнинг ҳуқуқлари бўйича вакили Анна Кузнецова бош қўшди. У Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Нилуфар Мамасаидовадан Москва полицияси томонидан боласини тортиб олиниши бўйича авж олган гап-сўзлардан кейин халқаро бола ҳуқуқлари масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузишга қарор қилди. Бу ҳақда омбудсмен "Коммерсантъ" газетасига хабар берди.

"Бундай ҳолатлар мунтазам равишда рўй бериб туради. Шу сабабли Россия президентининг болаларнинг ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузурида халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари идоралараро махсус ишчи гуруҳини тузишга қарор қабул қилинди ", - дейди Кузнецова.

Ушбу ҳодисани жамоачиликдан томонидан муҳокамага олиниши, унга нисбатан билдирилган фикрлар янги бир институтнинг пайдо бўлишига сабаб бўлгани қувонарли. Энди бундай ҳодисаларда Нилуфар каби аёллар қийналишмайди.

Биз Twitterда