Мирзиёев Байналмилал маданият марказига янги бино ва боғ совға қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Бобур кўчасида жойлашган ва ҳозирда «Ўзбекенгилсанот» компаниясига тегишли бўлган бинони Республика байналмилал маданият марказига топшириш ҳақида кўрсатма берди.
«Миллий маданий марказларнинг вакиллари нисбатан яхши бўлмаган шароитларда ишлашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилган эди. Шу муносабат билан, Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига топшириш ҳақида қарор қабул қилинди. Таъмирланиб, ёндош ҳудудлар ободонлаштирилганидан сўнг, миллий маданий марказлар янги бинога кўчиб ўтиши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган учрашув чоғида. Мирзиёевнинг тадбирдаги нутқи матни ЎзАда эълон қилинди.
Республика байналмилал маданият маркази ҳозиргача Бобур кўчасидаги бошқа бир бино — собиқ Пойабзалчилар санъат саройи биносида фаолият олиб бораётган эди. Марказга топширилиши айтилган янги бино эса ўз вақтида Тўқимачилар санъат саройи деб аталган.
Шунингдек давлат раҳбари, шу бинонинг ёнида жойлашган ва мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказиб келаётган боғни «Дўстлик боғи» деб номлашни таклиф қилди. Бош вазир А.Н.Ариповга  бир ой муддатда мазкур боғ ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва пазандачилик анъаналарини намойиш этиши учун павильонлар барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини топширди

Биз Twitterда