Латвия телеканалида ўзбек таомлари

Article

Латвиянинг LTV1 телеканалида Cult food пазандачилик дастурининг Ўзбекистон минтақалари миллий ошхонаси анъаналарига бағишланган махсус кўрсатуви намойиш этилди деб хабар берди Jahon ахборот агентлиги.

Мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси ва ўзбек халқининг миллий ошхонаси неъматлари ҳақида ҳикоя қилган ушбу кўрсатув уч қисмдан иборат бўлди. У Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Марғилон, Риштон ва бошқа тарихий шаҳарларнинг ноёб меъморий ёдгорликлари ҳамда диққатга сазовор масканларини қамраб олди.

Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳияти ҳам кўрсатув муаллифлари томонидан атрофлича ёритилди. Хусусан, томошабинлар Марғилон ипаги, гиламлари, машҳур Самарқанд қоғози тайёрланиши, замонавий технология асосида ўзбек шолисини етиштириш ва ҳосилни йиғиб олишдаги ўзига хосликлар билан яқиндан танишдилар. Фарғона вилояти аҳолисининг тўй анъаналари ва урф-одатлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар ҳам латвияликларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Дастурда республикамизнинг турли минтақаларида ўзбек паловини тайёрлашнинг ўзига хосликлари, масаллиқларни тўғри танлаш билан боғлиқ масалалар ҳақида алоҳида фикр юритилди. Шунингдек, уй шароитида тайёрланадиган ўзбек сомсаси, манти, лағмон, кабобларнинг бир неча тури, Самарқанд ва Фарғона нонларининг тайёрланиши хусусидаги атрофлича маълумотлар ҳам тақдим этилди.

Биз Twitterда