«Лаборатория Касперского» наманганлик дастурчига таянмоқда!

 
Ирода деган фазилатда ҳикмат кўп экан. Уни ўзига ошно этганлар ҳаётда олдиларига қўйган мақсадларига етаётганларига гувоҳ бўлаяпмиз.
Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган Азизбек Ҳошимов НамДУ қошидаги 1-академик лицейни аъло баҳоларга битириб, Москва Давлат бошқарув институтининг бухгалтерия ҳисоботи ва аудит факультетига ўқишга киради. Талабалик даврида, айниқса, информатика фани унинг қалбидан қаттиқроқ жой олганини сезади ва биринчи курсни якунлаш арафасида Бауман номли Москва Давлат техника университетига суҳбатга боради.
Университетда Россия Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори Анатолий Александров ва иккита ҳамкасб олимлар саволлар билан, дўстона муҳитда ундан имтиҳон олгандай бўлишади. Нафақат информатика фани бўйича, балки косонсойлик йигитнинг дунёқараши, билим доираси ҳам улар назаридан четда қолмайди. Тиниб-тинчимас, интилувчан Азизбек охири ниятига етди-у, жаҳонда етакчи ўринлардан бирида турадиган университетнинг информатика тизимлари ва технологиялари факультетининг 2-курсига қабул қилинди.
Азизбек Ҳошимов 3-курсдаёқ ишлаб чиққан илк компьютер дастурини Германиянинг «Lapp Group» компаниясининг Россиядаги бўлими харид қилади. Дастур бугунги навигация тизими учун зарур қўшимча эди. Навигаторлар автомобиль ҳайдовчисига ер юзининг қаерида бўлмасин, осмондаги сунъий йўлдош орқали ҳар бир аҳоли пунктини, бориш йўлларини кўрсатиб беради. Азизбекнинг дастури эса ҳайдовчига у бораётган йўлдаги энг яқин ёнилғи қўйиш шохобчаси, ундаги газ, дизель, бензин ёнилғиси мавжудлигини, қанча миқдорда борлиги ҳақидаги маълумотни кўрсатади.
180 варақдан иборат дастурни қабул қилатуриб, компания вице-президенти бу йигитнинг Ўзбекистондан эканлигини билиб ҳайратланди.
Иккинчи дастурини у Россиядаги «Crystal Clear Soft» корхонасига тайёрлаб берди.
Азизбек 2015 йилда университетни муваффақиятли якунлади ва жаҳон компьютерчиларига маълум бўлган Россиядаги «Лаборатория Касперского» акциядорлик жамиятига шартнома асосида ишга қабул қилинди.
Яқинда Азизбек Ҳошимов фаолиятида яна бир янгилик рўй берди. У Канаданинг Торонто шаҳридаги «Blue Ocean Robotics» компаниясининг ва Европа Иттифоқининг «Erasmus Mundus» жамғармасининг грантларини ютиб олди.
Косонсойлик оддий йигит ўз билими ва тафаккури боис дунёга чиқмоқда. Умид қиламизки, ўнлаб, юзлаб ўзбекистонлик азизбеклар ҳам унинг ортидан эргашиб, мамлакатимиз довруғини, иқтидору салоҳиятини жаҳонга танитадилар.
Ойбек Ортиқов

Биз Twitterда