Ким беради-ё "Терминал"ни-ё...

Бозор... У нафақат шарқона савдо маркази, балки ўша халқнинг маънавий дунёси, маданий ҳаёт тарзи, инсоний сифатларининг ҳаққоний кўзгуси ҳамдир. Бу манзилда одамларнинг фикрлаши, ўзаро муносабати борича, яққол сезилади. Умуман, бозорнинг "об-ҳаво"си наинки моддий бойлиг-у озиқ-овқат маҳсулотларининг, қолаверса, айни бир пайтда халқ қалбининг ҳам ўзига хос барометридир. 
Яратганга мингдан-минг шукрлар бўлсинки, бугунги кунда бозорларимиз тўкин-сочин, файзли. Бозор ораласангиз ҳар қадамда ўнлаб савдогарлар пешвоз чиқиб, анвойи маҳсулотларини таклиф қиладилар. Булар орасида энг сархили, пишиқ-пухтаси, албатта, ўзимизнинг маҳсулотлар  буларни кўриб баҳри дилингиз қанчалар равшан тортади! Аммо, баъзида бозорларда шундай манзарага дуч келасизки, улар кўркам, обод ҳаёт жамолига тушган ҳуснбузар каби кўзга хунук кўринади. Тинч ва обод замонда, кўз ўнгимизда, наҳотки, мана шундай иллатлар палак ёзаверса, деган изтироб туғилади юракда. Хуллас, қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақола бир муддат олдин ёзилган, орада аҳвол ўнгланишига умид билдирган ҳолда, бозор маъмуриятининг камчиликларни бартараф этишга доир қуюқ ваъдаси туфайли вазиятни матбуотга олиб чиқишга андиша қилган эдик. Лекин яқинда айни манзилни қайта ўрганганимизда, аён бўлдики, барчаси "Эски ҳаммом - эски тос..." Қолган гапларни эса мақолани ўқигач билиб оласиз...
Жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, аҳолига қулайлик яратиш бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланган. Бироқ, баъзида оддий ҳолатлар, биргина ходимнинг ишга масъулиятсизлиги фуқароларга нақадар қийинчилик туғдираётгани ҳайратингизни оширади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги деҳқон ва буюм бозорида банк пластик карточкаларига савдо қилинмаётгани, бозор ҳудудида, унга ёндош жойларда тартибсизликлар юзага келгани ҳақида ўтган йил поёнида хатлар олгандик. Бозорни ўз кўзимиз билан кўргач, бу ердаги аҳволдан очиғи ҳайрон қолдик. Бозорнинг асосий кириш дарвозаси маҳкам ёпилган, фақат кичкина эшик очиқ. Дарвозага эса ўзбек тилини исталган шаклда таҳқирловчи матнлар – шахсий тижорий эълонлар ёпиштирилган. Дарвозадан ичкарига ҳатлашингиз ҳамоно кириш йўлагини "ишғол қилган" ёймачи-савдогарларга кўзингиз тушади.
Оддий рўзғор буюмлари, кийим-кечаклар савдоси билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркор Қаҳрамон Исроиловни суҳбатга тортамиз. Аммо, мухбир эканимизни билгач, жуфтакни ростлаган, анча вақтдан кейин пайдо бўлган бу йигитнинг айтишича, бозор раҳбарлари, солиқчи унга бу жойда савдо қилишни ман этишмаган эмиш.
Хўш, бозорнинг асосий дарвозаси берк бўлса, туман марказидаги энг катта савдо-сотиқ масканига аҳоли қаердан кириб-чиқаяпти? Суратларда кўриб турганингиздек, аҳоли бозорга ёндош кўчадан тиқилинч пайдо қилганча, кириб-чиқади, натижада кўчада тартибсизлик, қанча одамлар асабийлашган...
Шу ва шу каби масалалар бўйича "Ўрта Чирчиқ деҳқон бозори" МЧЖ директори Музаффар Назаровдан ҳам тайинли жавоб ололмадик. Музаффар Назаров жаҳл билан бозор дарвозаларига ёпиштирилган эълонларни ўз қўллари билан кўчириб ола бошлаганда, у кишини ҳоли қолдириб, кузатувни давом этирдик...
Бозор ҳудудида айланиб юрар эканмиз, бу ерда терминал йўқлигидан хуноб бўлиб чиқаётган ўқитувчи Зулайҳо Қурбоновага дуч келамиз. Нега, деган савол туғилади. Наҳотки, банк терминаллари ноёб матоҳ бўлса? Шу тарзда мавжуд ҳолатни ўрганишга киришамиз. Дастлаб, 42-дўконда савдо қилаётган тадбиркор Азиз Ураловдан нега пластик карточкалар орқали савдо қилинмаётганига изоҳ сўраймиз. Бироқ, биз билан суҳбатда бўлган Азиз ва у каби тадбиркорлар бу вазият учун акциядорлик тижорат Халқ банки туман филиалини рўкач қилиб, қўлимизга ариза тутқазишади. Қизиқиб, бир аризани ўқиймиз. Унда  шундай сўзлар ёзилган эди:
 
Эътибор беринг, ариза 28 апрелда банкка келиб тушган. Ўтган муддат давомида эса на банк ходимлари ва на солиқчи бу масалага қайтишмаган. Худди шу тарз аризаларнинг нусхаси Зеби Умирбоева, Мафтуна Исроилова, Қаҳрамон Исроилов каби тадбиркорларнинг ҳам архивида чанг босиб ётибди. Улар банкдан келажак терминалларнинг йўлини пойлаб, ҳафталар, ойларни ўтказишганда, қизиқ, акциядорлик тижорат Халқ банки Ўрта Чирчиқ тумани филиали мутасаддилар нима иш билан банд экан?
Хуллас, шу ўйда филиалга йўл олдик. Раҳбар Шерзод Бобоқулов вазиятга таажжублангандек муносабат билдириб, ҳозир биргаликда бозорга бориб, масалага аниқлик киритишимизни айтди. Хурсанд бўлганча бозорнинг асосий дарвозаси ҳудудига бориб, банк раҳбарларини кута бошладик. Кутдик, кутавердик... Орадан қарийб икки соат ўтгачгина, улар келишди. Қачонки, биз акциядорлик тижорат Халқ банки республика бошқарувининг матбуот хизмати раҳбари Бобур Элмуродов билан боғланиб, вазиятни тушунтирганимиздан кейингина, раҳбар ва унинг ўринбосари истар-истамас бозор ҳудудига келиб, биз билан учрашдилар. Биргаликда тадбиркорлар ҳузурига бордик. Ажабки, банк раҳбарларининг бу тарз "очиқ мулоқоти" салкам даҳанаки жанжалга айланиб кетди. Тадбиркорлар қарийб бир йил, баъзилари эса икки йилдан бери терминал ололмаётгани учун филиал раҳбарини турфа саволларга кўмиб ташлашди.
Шундай оғриқли таассуротлар билан бозор ҳудудини тарк этарканмиз, солиқ инспекциянинг бозор бўйича вакили Рустам Абдуқодиров, “Ўрта Чирчиқ деҳқон бозори” МЧЖ директори Музаффар Назаров, Халқ Банки Ўрта Чирчиқ тумани филиали раҳбари Шерзод Бобоқулов навбати билан ўзига имлаб чорлаганча, муаммони овоза қилмаслик, бирор хизмат бўлса бажариш ҳақида ғаройиб таклифлар айтишдан тўхтамадилар. Айниқса, солиқчи Рустам Абдуқодиров деганлари устомон чиқиб қолди. Ортга қайтаётганимизда машинамиз ўрнидан қўзғолар экан, “пурмаъно” таклифлари ижобат бўлмаганидан куйинган шоввоз эшикни шартта очиб, бир боғлам пулни қўлимга тутқазмоқчи бўлди. Шофёрга айтиб, дарҳол машинани тўхтаттирдим ва пулни қайтариб бердим. Хуллас, орада бўлган машмашаларни, даҳанаки тортишувларни бунда қайтариш нокерак, аммо унинг бу ҳатти-ҳаракати нақадар жирканч кимса билан юзлашиб турганимдан нишона эди...
Ана шунақа гаплар...
Беҳзод Қобулов
 
*****
 
Бозор ҳудудидан олинган суратлар.
 
Бу аслида машиналар қатнаши учун кўча. Бозорнинг кириш эшиги эмас. Кириш эшиги қаерда дейсизми? Кейинги расмга қаранг...
Эшигига қулф урилган бозорни кўрганмисиз? Тўйтепа томонларда шунақаси бор... Хўш, нега қулф урилди экан? Чунки, дарвозахонада бозор ичидаги бозор шаклланган.
Асосий дарвозадан кираверишда қулликка рози бўлмаслигингиз ҳақида огоҳлантирув бор. Бошқа деталлар ҳақида гапириб ўлтирмаймиз... 

 

Бозор ташқарида, дўкон бўм-бўм...

 

Ичкаридаги "аҳвол"ни тасаввур қилаверинг. Беозорроғи буки, сақлаш жойига айланган дўконда олма ва ҳурмо ичкийимлар, пайпоқлар орасида ётибди... 

 

Тарозини ахтариб...
 

Биз Twitterда