Юз йиллик ташвишга бугун чек қўйиш мумкин(ми?)!

Тўйларимиз - миллий қадриятларимиз кўзгуси. Энг нозик миллий жиҳатларимиз айнан тўйларимизда намоён бўлади. Уларда асрий анъаналаримиз ўзига хос тарзда мужассамлашади. Шу кунга қадар юртимизда тўй-ҳашамларни тартибга солиш тўғрисида бир мунча ишлар амалга оширилди. Балки муайян натижаларга эришгандирмиз ҳам. Бироқ тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик инсонга ҳеч нима бермаслиги, аксинча, оилани парокандалик, беҳаловатлик ёқасига олиб боришини ҳамюртларимиз онгу шуурига етказа олмадик. «Овозаси етти маҳаллага етган» тўйларни ё ҳавас, ё ҳасад кўзи билан кузатиб туравердик. Молу давлатини қай йўсинда кўз-кўзлашни билмай турган айрим «давлатманд»лар (аслида уларни бундай аташ унчалик тўғри эмас) хориждами ё қайсидир фильмдами кўрган антиқа одатларни ҳаётимизга тадбиқ этишларига йўл қўйиб бердик...

Суҳбатдошимиз - Поп тумани бош имом-хатиби Адҳамжон АБДУРАҲМОНОВ. Сезганингиздек, суҳбат мавзуси - тўй-маросимлар ва улардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, уларга чек қўйишнинг бугунги кун талаби экани хусусида.

-  Адҳамжон ака, бундан юз йиллар аввал ҳам Абдулла Авлоний: «Ўзбекни тўй балосидан қутқаринг!» деган эди. Демак, бугунги мантиқсиз, исрофгарчиликка, инсонни беҳуда машаққат гирдобига тушишига сабаб бўлаётган тўйлар бундан бир аср муқаддам ҳам юрт маърифатпарварларини қаттиқ ташвишга солган.

Вақт ўтгани сайин ҳою ҳавасларимиз ортиб бораверди. Бугунга келиб бу масала Президент ва парламент даражасида муҳокама қилинди, тегишли тадбирлар белгиланди. Умидвормизки, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради.

Лекин кишини бир савол ўйга толдиради: нега юртдошларимиз моддий аҳволидан қатъий назар ортиқча сарф-ҳаражат қилишга мойил бўлиб қолди? Халқимиз табиати ва феъл-атворига ярашмайдиган бу иллат  қачон пайдо бўлган ва бунинг сабаби нимада?

- Ҳақиқатдан ҳам, бу саволлар мени ҳам ўйлантиради. Бу балки болалигимизда ота-боболаримиздан эшитган ёки ўзимиз ўқиган ўзбек халқ эртакларидаги қирқ кечаю қирқ кундуз элга ош тарқатиб, тўй қилишди, деган тушунчанинг оқибатидир?! Аммо бу салбий маънодаги хулоса эмас, балки ўзига насиб этган неъматга шукр қилиш учун бошқаларни ҳам хурсанд қилиш, айниқса, муҳтож инсонларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатишни тарғиб қилиш мақсадида айтилган гап. Лекин асл мақсадни нотўғри тушунган инсонлар, ўзгалар олдида ўзини кўрсатиш учун исроф даражасигача боришганига қадим тарих ҳам гувоҳ. Шу сабаб Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат каби маърифатпарварлар бу хусусда куюниб ёзганлар.

Пайғамбар (с.а.в) таълимотларида: «Енглар, ичинглар ва садақа қилинглар, бироқ исроф ва мутакаббирлик бўлмасин», дейилади. Демак, ақлли инсон ейиш-ичишда ва кийинишда, ҳатто садақа қилишда ҳам исрофга ва такаббурликка йўл қўймаслиги лозим.

Айтиб ўтганингиздек, бу муаммонинг давлат даражасида муҳокама қилиниб, тегишли тадбирлар белгиланиши, маҳалла мутасаддиларига ва биз имом-хатибларга, шунингдек, барча ўзини маънавиятли, маърифатли ҳисоблайдиган инсонларга катта масъулият юклайди. Азалдан халқни, миллатни яхшиликка чорлаш, тарбия қилиш илмли ва зиёли инсонларнинг зиммасида бўлиб келган.

Президентимиз кўрсатмаларини ва Олий Мажлис қарорларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишимиз ва бу борада аввало, ўзимиз шахсий намуна кўрсатишимиз лозим бўлади.

-  Яқинда бир йигитни ота-онасининг дуосидан  норози эканига гувоҳ бўлдим. Маълум бўлишча, унинг оиласи бузилган. Ота-онаси эса уни «Топганинг тўйларга буюрсин», деб дуо қилар экан. У ота-онасига:  «Оиланг тинч бўлсин, бола-чақали бўлгин, топган-тутганинг эл-юрт хизматига ярасин,  деб дуо қилинглар», дебди...

Кўриниб турибдики, тўйлар билан боғлиқ муаммолар халқимиз орасидаги зиёли, тушунган одамларнинг аллақачон жонига тегди. Маълум қарорлар қабул қилинмаса ҳам, бу «яра» бир кун «пишиб ёриларди». Бироқ оғриқнинг олди олингани  яхши бўляпти. Нима деб ўйлайсиз, Парламентимиз томонидан белгиланган тадбир-режалар тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун қандай йўл тутмоғимиз жоиз?

- Ҳадиси шарифларда ниятни чиройли қилишга, доимо яхши дуо қилишга чақирилади. Ҳақиқатан ҳам, эътибор берилса, кўп нарса ниятга боғлиқ. Инсон кўнглидан ўтказган нияти амалга ошади. Топганларинг тўйга буюрсин, деб дуо қилишни ёқламайдиган  йигит каби ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, бунга ота-оналарни ҳам йўллаш Парламентимиз томонидан белгиланган тадбир-режаларни амалга ошириш учун илк қадам бўлса,  шахсий намуна кўрсатиш, ўзибилармонлик  қилаётганларга насиҳат қилиш иккинчи қадам  ҳисобланади.

-  Авваллари ота-боболаримиз «Камбағал бўлсанг, тўй қил», дейишаркан. Чунки тўй воситасида ночор оилани моддий жиҳатдан қўллаб-қуватлашаркан, шу оила оёққа туриб олишини таъминлашаркан. Бугун эса бунинг акси, яъни тўй сабаб оилалар ночор аҳволга тушмоқда...

- Тўғри, яқин-яқинларда ҳам тўй қилган оила яқинларининг ёрдами билан анча ўзини ўнглаб олган. Бугунги кунда эса бефойда ҳаражатлар,  хўжа кўрсин, фалончи унча қилибди, мен ундан қаерим кам, деб кўрпасига қарамай оёқ узатадиган, натижада тўй қилиб қарзга ботиб, ундан кейин чет элларда қулдек ишлаб, умрини ўтказаётганлар ҳам бор. 

Шу ўринда муқаддас динимиз манбаларига мурожаат қилсак ўринли бўлар. Қуръони каримда ота-онанинг хақи баён қилинган ояти каримадан кейин кимларга эҳсон, садақа қилиш лозим эканлиги таъкидланиб, бунинг орқасидан исрофгарчиликка кириб кетишдан қайтарилади: «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Роббисига нисбатан ўта ношукур эди.»  (Исро сураси 26-27 оятлар.)

Бу менимча, мен кўрган қийинчиликларни болаларим кўрмасин деб, уларни меҳнатдан, қийинчиликлардан авайлаб, фойда-зарарни тушунмайдиган қилиб қўйганимиз оқибатидир. Биз улар онгига исроф нима, исроф оқибатида топганимиздан барака кетиши мумкинлигини  чуқурроқ сингдиришимиз керак.

-  Тўйларимизда асл қадриятларимизга ғарб маданияти кўринишлари ҳам қоришиб кетди. Гул отиш, вальс тушиш, ҳашаматли фотоальбомлар ва видеолавҳалар тайёрлаш каби миллийлигимизга мутлақо зид одатлар нима учун ёшларимизни ўзига маҳлиё қилмоқда? Ота-оналар нима сабабдан  уламолар, оқсоқоллар сўзига эмас, балки фарзандларининг хархашаларига қулоқ тутмоқдалар? Ахир, бутун дунё ҳавас қилса арзигулик анъаналаримиз бор-ку!

- Ўзбек қизи умрида киймаган енги йўқ кўйлакни кийиб, тумонат одам ўртасида нафақат юзини, балки елкаларини очиб ўтириши, эркаклар эса ёппасига ароқхўрлик қилишлари, бунга айрим аёлларнинг ҳам қўшилиб бораётгани - бу катта мусибат. 

Очиғини айтганда, файзу фасоҳатга тўла миллий тўйларимизни унутилиб бораётгани фожиа билан баробар. Ёш келин-куёвни давра тўрисига чиқиб ўтиришлари ҳам аслида одобдан эмас. Келин-куёвнинг вальс тушиши, келиннинг гул отишини-ку, умуман оқлаб бўлмайди.  Ўз наслига, аслига муҳаббатли одам бу бундай йўл тутмайди.

Бугунги кунда узоқ юртларга пул топиш учун оиласини тарк этиб кетаётган эркаклар тўй қиламан, уй қиламан, машина оламан деган мақсадда. Улар бу каби бойликларни қўлга киритиш асносида энг катта бойлик - болалари тарбиясини, келажагини поймол қилаётганликларини тушунишмаяпти. Агар ихчам ва исрофсиз тўй қилсак, бошқа маросим ва тадбирларда ҳам меъёрни унутмасак, машаққат билан топганимиз ҳам тежалади.

Бир сўз билан айтганда, бу муаммони ҳал қилиш, ҳолатни ижобий томонга ўзгартиришга барчамиз масъулмиз. Ота-оналар, ёшлар, кенг жамоатчилик орасида тўйларни тартибга солиш лозимлигини тарғиб қилаверсак, тез орада кўзлаган мақсад-муддаоимизга етамиз.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ ёзиб олди.

 

 

 

Биз Twitterда