Қирғиз парламенти фракцияси раҳбари ҳибсга олинди

Article
Қирғизистондаги мухолиф "Ота Макон" партияси раиси Ўмурбек Текебаев бугун мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ҳибсга олинди. Парламент фракция раҳбари бўлган  Ўмурбек Текебаев "Манас" халқаро аэропортида қўлга олинган. Бир кун олдин, 25 февраль куни Қирғизистон Бош прокуратураси унга қарши "коррупция" ва "фирибгарлик" айблари бўйича жиноий иш қўзғатганди. Бу иш россиялик ишбилармон ва қатор телеалоқа ширкатлари эгаси бўлган Леонид Маевский аризасига биноан очилганди. Даъвогарга кўра, ҳали 2010 йили Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси муовини бўлиб ишлаган Текебаев ундан бир миллион доллар пора олган. Бунинг эвазига эса унга алоқа соҳасида “бир қатор қулайликлар яратиб бериш” ваъда қилинган. Россиялик тадбиркор “Алфа Телеком”нинг 10-15 фоиз акциясига эга бўлишни кўзда тутган ҳолда пул берган.
"Текебаев ўз ишини бажармаган ва олган пулини ҳам қайтармаган. Шунингдек, мазкур масалада бирон маълумот тарқатилса ё пулни қайтариш талаби тўхтамаса, қасос олиш билан таҳдид қилган" - дея баёнот берган Қирғизистон Бош прокуратураси.
Жиноий иш очилган пайти Венада хизмат сафарида бўлган Ўмурбек Текебаев ўзига қўйилаётган айбловларни ва россиялик ишбилармондан бир миллион доллар олганини рад этган. Унинг айтишича, ўтган йили охирида Президент Атамбоев амалга оширган конституцион ўзгаришларга қарши чиққани учун таъқибга тутилмоқда. Олдинроқ Ўмурбек Текебаев бошқарадиган "Ота Макон" мухолиф партиясининг яна икки аъзоси - собиқ Адлия вазири Алмамбет Шикмаматов ва собиқ Бош прокурор Аида Саляноваларга қарши ҳам Қирғизистон ҳукумати жиноий иш очган эди.
Қирғиз депутатлари қонунга биноан дахлсизлик ҳуқуқига эгадирлар. Лекин “коррупция” билан боғлиқ жиноятда айбланганлар ҳар қандай ҳуқуқдан маҳрум этилиб, ҳибсга олиниши мумкин

Биз Twitterда