India Open – Ўзбек боксининг яна бир зафарли одими: 5 олтин медаль!

 
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида India Open International Boxing Tournament халқаро бокс турнири ҳозиргина якунланди. 5 олтин, 2 кумуш медални қўлга киритган Ўзбекистон бокс миллий терма жамоаси аъзолари, жамоа ҳисобида мутлақ биринчи ўринни қўлга киритишди!
28 январь – 1 февраль кунларида ўтказилган, Ўзбекистон, Россия, Куба, Қозоғистон каби дунёнинг бокс давлатлари вакилларининг ҳам иштирокида 23 мамлакат спортчилари олтин медаллар учун баҳс олиб борган ушбу нуфузли турнирда йигитларимиз 2017 йилги зафарли одимларини давом эттиришди.
Турнирда иштирок этган 10 боксчимиздан биринчи босқичда ягона йўқотишимиз Мироншоҳ Ибрагимов (49 кг) бўлди. Мироншоҳ, филиппинлик Рамил Мачедо'га имкониятни бой бериб, мусобақаларни так этди. Чорак финалда иштирок этган боксчиларимиздан 7 таси ярим финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Шербек Раҳматуллаев 60 кг вазнда мезбон Шива Тапа'га,  энг оғир вазнда иштирок этган Лазиз Муллажонов (+91 кг) Сейшел ороли вакили Агнес Кедди Эванс'га енгилиб, медаллар билан уйга қайтиш имкониятини бой беришди.
Ярим финалдан бир текис ўтдик: Куба ва филиппинлик боксчиларнинг ёнида 5 та беллашувда ринг эгаларини мағлуб этдик.
Ва келдик бугун финалга: Дастлаб 69 килограм вазнда Бобоусмон Ботуров рингга чиқди ва ҳинд боксчи Динеш Кумар'ни осонлик билан мағлуб этди. Ортидан Ўзбек бокчининг “оғир артиллерияси” Исроил Мадримов 75 кг.да кубалик Осей Иглесиас Эстрада'ни осонлик билан “ер тишлатди”. Энг қизиғи, ҳакам қарори эълон қилинган пайтдаги кубалик боксчининг ҳаракатлари бўлди. Исроил Мадримовга қарши баҳсда ўзининг ғолиб бўлиши мумкинлигига эҳтимол берганининг ўзи бу боксчининг характери борлигини кўрсатади. Бўлмаса, Мадримов қаерда-ю, сен қаердасан!
Ундан кейин энг ачинарли ҳолат юз берди: 91 килограмм вазн тоифасида беллашган Санжар Турсунов ҳиндистонлик Санжит'га қарши шу даражада ўзига ишонч билан рингга тушдики, охири бахайр бўлсин деб ўтирдик. Лекин бахайр бўлмади: ҳакамлар ғалабани ҳинд боксчига беришди. Тўғри, бу ерда анчагина ён босишди мезбонга, лекин Санжарда ҳам хато бўлди: сал жиддий ёндашсайди, ғалабани нақд қилиб қўйса бўларди. Ҳакамлар қароридан норозилигини кўрсатган Санжар, реферининг ва рақибининг қўлини сиқишни ҳам истамай рингдан тушди...
Энг оғир вазнда, +91 кг.да иштирок этган Баҳодир Жалолов, Санжар билан боғлиқ вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ундан кейин рингга кўтарилди ва бошқа бир мезбон боксчи – Сатиш Кумар'ни хотиржамлик билан мағлубиятга учратди.
52 кг.да 18 ёшли Худойназар Файзов ҳиндистонлик Анвар Шайх Салмон'ни енгди. Бироз ҳаяжон ҳамда рақибнинг ғирромликларига қарамай характерини намойиш эта олган Файзов, Ўзбек боксининг келажаги янада ёрқин бўлишини кўрсатиб берди.   
56 килограм вазнда Абдулҳай Шораҳматовга қарши рингга кўтарилган муғулистонлик Энх Амар Харку, жуда чаққон ҳаракат қилишга уринди биринчи дақиқада. Аммо Абдулҳайдан биринчи кучли зарбани еди-ю, ким билан беллашаётганини англаб етди. Беллашувнинг қолган қисмини мўғул йигит Шораҳматовнинг қўлини ушлаб қолишу, зарбалардан ўзини ўнглаш билан ўтказди. Якунда Абдулҳайнинг ишончли ғалабаси!
64 кг.да Иқбол Холдоров кубалик Жорж Муаран Винент'га қарши олтин медал учун баҳс олиб борди. Тенг курашлар остида ўтган беллашув якунида ғалаба Винент'га берилди.
Балли йигитлар! Ғалабалар давомий бўлсин!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда