Европада эмас, Наманган маҳалласида: Чиқинди турига кўра контейнерлар

 
НАМАНГАН / VodiyMedia / – Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 22 ноябрь куни “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши эса аҳолининг сифатли санитар тозалаш хизматлари билан таъминлаш сифатини оширишда муҳим омил бўлди.
Айни кунларда Мажбурий ижро бюроси Наманган  вилоят бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” доирасида фармон мазмун-моҳиятини тарғиб этишга қаратилган учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлар  Наманган шаҳрининг “Нурафшон”, “Оби ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди, деб хабар беради VodiyMedia'га МИБ Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Наманган шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир мобайнида иштирокчиларига 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ундириш Мажбурий ижро бюросига юклатилгани, аҳоли томонидан мажбурий тўловлар энди ҳар ойнинг 10-санасидан кечикмай тўланиши, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса тўловларни бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлаш кўрсатиб ўтилгани ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек тадбир давомида “Камол аймон” МЧЖ томонидан ташкил этилган махсус контейнерларга эга замонавий чиқиндихона фаолияти таништирилди.  
Мазкур замонавий контейнерлар тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни алоҳида ажратиб ташлашга мўлжалланган, дейди тадбиркор Жасурбек Исоқов. Бу аҳоли учун янада қулайлик келтириши билан, махсус техникалар ёрдамида олиб кетишда ҳам қийинчилик туғдирмайди. 2019 йилнинг охирига қадар биргина Наманган шаҳрининг ўзида 15 та замонавий чиқиндихона ташкил этмоқчимиз.

Биз Twitterда