Ер ости бойликлари қонун ҳимоясида

 
Ер ости қазилма бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, дарё ва сойлар ўзанларидан қум-шағал материлларини ноқонуний қазиб олишнинг олдини олиш – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг қатор моддаларига, шу жумладан, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш, дарё ва сойлар ўзанларидан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш соҳасидаги қонунбузилишларга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Вилоят экология ва атроф-муҳитнни муҳофаза қилиш бошқармаси сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи А.Алиқулов билан суҳбат айнан шу мавзуга бағишланди.
 
Савол: Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси”нинг (МЖтК) бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Кодексга киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш соҳасидаги қонунбузилишларга нисбатан ҳам таълуқлидир. Шулар ҳақида тўхталсангиз.
 
Жавоб: Ҳақиқатдан ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 70-моддасига ўзгартириш киритилди. Ушбу моддада ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари кўзда тутилган.
 
Савол: Ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида содир этиладиган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича МЖтКга қандай ўзгартиришлар киритилди?
 
Жавоб: Ер ости бойликларидан фойдаланишда юқорида таъкидлаб ўтилган тартиб ва қоидаларга риоя этмаганлик учун МЖтКнинг 70-моддаси:
I-қисмининг санкциясидаги (Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, фойдали қазилма конларини табиатни муҳофаза қилиш ва кон назорати органлари билан келишмай туриб ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик, ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, худди шунингдек ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши) –
фуқароларга энг кам иш ҳақининг “1 бараваридан 2 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 3  бараваридан 5 бараваригача деган сўзлар фуқароларга энг кам иш ҳақининг “10 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 30 бараваридан 50 бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилди;
II-қисмининг санкциясидаги (Конларнинг бой участкаларини танлаб ишлатиш, минерал хом ашёни қазиб олаётганда ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларни нормативдан ортиқ нобуд қилиш, фойдали қазилма конларини яроқсиз ҳолга келтириш ва фойдали қазилма захираларидан оқилона фойдаланиш талабларини бошқача тарзда бузиш) –
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг “1 бараваридан 3 бараваригача” деган сўзлар “10 бараваридан 30 бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилди;
III-қисмининг санкциясидаги (Маркшейдерлик ҳужжатларини йўқотиш, тугатилаётган ёки консервация қилинаётган конларни ва бурғиланган қудуқларни аҳолининг хавфсизлигини таъминловчи ҳолатга келтириб қўйиш талабларини, шунингдек консервация вақтида конларни, қазилаётган жойларни ва бурғиланган қудуқларни муҳофаза этиш талабларини бажармаслик) –
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг “1 бараваридан 3 бараваригача” деган сўзлар “10 бараваридан 30 бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилди;
IV-қисмининг санкциясидаги (Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса) -  
фуқароларга энг кам иш ҳақининг “1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 3 бараваридан 7 бараваригача” деган сўзлар фуқароларга энг кам иш ҳақининг “20 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 50 бараваридан 100 бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилди.
 
Савол: Ўзбекистон Республикасининг юқорида таъкидлаб ўтилган ЎРҚ-476-сонли қонуни билан МЖтКга қўшимчалар ҳам киритилди. Жумладан мазкур кодекс 701-модда (Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш) билан тўлдирилди. Маъмурий Кодексга ушбу янги модданинг киритилишига нима асос бўлди?
 
Жавоб: Маълумки, кейинги йилларда дарёлар, сойлар, магистрал каналлар ва бошқа очиқ сув ҳавзаларини ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари маҳаллий ҳокимликларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари ва бир қатор назорат органларининг техник шартлари асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилар эди.
Лекин бунда, хўжалик юритувчи субъектлар асосий эътиборни белгиланган тартибда дарё ёки сойларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларига эмас, балки кўпроқ қум-шағал норуда материалларини қазиб олиш ва уни қурилиш ва бошқа мақсадлар учун сарфлашга қаратар эдилар.
Ўз навбатида қум-шағал қазиб олишнинг бундай усули, аксарият ҳолларда очиқ сув ҳавзалари сувларининг ҳамда шу ҳудуддаги ер ости сувларининг ифлосланиши, дамбаларнинг бузилиши, қирғоқ минтақалардаги ўсимлик дунёсининг, шу жумладан дарахтларнинг шикастланиши, очиқ сув ҳавзаси акваториясидаги ҳайвонот дунёсининг нобуд бўлиши, қирғоқдаги суғориш тизимлари ва гидротехника объектларининг бузилиши хавфини келтириб чиқариб, сел оқимлари ва сув тошқинлари билан боғлиқ фавқулотда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини пасайишига олиб келар эди.
Назорат органларининг ушбу салбий ҳолатларни олдини олиш борасида берган кўрсатмалари ва кўрган чоралари етарли даражада ўз самарасини бермас эди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатларга барҳам бериш, мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш, шу жумладан, сув объектларини мухофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисалари билан боғлиқ фавқулотда ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириши чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3286-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги “Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустахкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 1009-сонли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширилишига йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган. Бундан ташқари, суғориш тизимлари ва гидротехника объектларини хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланган.
Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКга киритилган янги 701-моддага мувофиқ, дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш – фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса,маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 70 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 
Савол: Ер ости бойликларидан фойдаланувчи ҳамда дарёларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга таклиф ва истакларингиз.
 
Жавоб: Юқорида таъкидлаб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳамда дарё, сой ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг МЖтКга киритилган юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олиб, қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда иш ташкил этсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Хулоса қилиб айтганда, МЖтКга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар шак-шубхасиз норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, дарё ва сув ҳавзаларининг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустахкамлаш ишларини амалга ошириш, шунингдек, қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишнинг атроф-мухитга салбий таъсирини бартараф этиш имконини беради.                                               
С.Рапиқов,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси
жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими бошлиғи

Биз Twitterда