ЕИ элчиси кимки, Ўзбекистондаги валюта сиёсатини танқид қилади?

фото: nuz.uz
 
Яқинда бўлиб ўтган брифингда сўнгги пайтларда Европада юз берган терактлар ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, мамлакатнинг тегишли органлари жамоатчилик учун хавфли ва қидирувда бўлган шахслар ҳақида европалик ҳамкасбларига барча зарур маълумотни тақдим этишини маълум қилган Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов, қандайдир сабабларга кўра бу шахслар Европада қочоқ мақомини олган ҳолатлар ҳам қайд этилганини таъкидлаб ўтганди.
4 май куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган пресс-конференцияда ЕИ Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс бу борада баёнот беришга каловланди. Лекин, якунда, “Охирги йилларда ўзбек органлари томонидан тақдим қилинган маълумотлар аксарият ҳолларда маълум бир ишончсизлик билан кўриб чиқилганини” айтиб, ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини яна айбдор қилишга интилгани эътибор тортди.
Бу билан хумордан чиқа олмаганини англади шекилли, ортидан Ўзбекистондаги валюта сиёсатига ўз муносабатини билдириб ўтишни “лозим” топди. “Ўзбекистондаги мавжуд валюта сиёсати кўп ҳолларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади. Бу ҳеч кимга сир эмас” дея Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатга инвестиция киритиш борасида олиб борилаётган катта ҳаракатларини самарасизлантирувчи баёноти билан ЕИ делегацияси раҳбари ўз ҳаддини билмаслигини кўрсатди.
Ўзбекистоннинг ҳеч кимдан “еб қўйган” жойи йўқ, Ўзбекистонда фаолият юритувчи дипломатнинг бундай “бемаза” баёнот бериши мос шаклдаги муносабатни талаб этади. “ЕИ элчиси Ўзбекистондаги валюта сиёсатини танқид қилди” сарлавҳаси остида эмас, “ЕИ элчиси кимки, Ўзбекистондаги валюта сиёсатини танқид қилади?” деб номланган материаллар билан берилиши керак бўлган бу хабар бугунги кунда ҳар жабҳада, ҳар ким билан муносабатда “саломга яраша алик” тамойилини қўллаш даври келганини билдиради.
Йўқса, андишани отини қўрқоқ қўйволиб, ақл бергувчиларнинг ҳам, танқид қилгувчиларнинг ҳам кети узилмайди.
 Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда