Ярим миллион доллар билан Учқўрғонда қўлга олинган қонунбузарлар энди "онасини Учқўрғондан кўради"

 
Наманган вилоят МХХ Бошқармаси ходимлари томонидан катта миқдорда нақд валютани Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида текширув учун тўхтатилган 50 Z 399 HA давлат рақамига эга Дамас русумли автомобилдан 470 минг АҚШ доллари ва 4,1 миллион Россия рубли топилди.
Пуллар полиэтилен пакетга ўралган ҳолда, йўловчи ўриндиғидаги 20 ёшли Ислом Қамбаровнинг қўлида бўлган. Рулда эса унинг қариндоши, 53 ёшли Хамрохўжа Умрзоқов бўлган.
Қамбаров Учқўрғон туманининг Соҳил маҳалласида истиқомат қилиши аниқланди. Умрзоқов ҳам шу туманда, Қалъача маҳалласида яшаб келган.
Икки шоввоз пулларни қўшни Қирғизистон ҳудудига олиб чиқиб кетмоқчи бўлганда қўлга олинди. Пулларнинг ўзбек сўми билан умумий қиймати 4,3 миллиард сўмга тенг.
 Иш юзасидан Наманган вилоят МХХ Бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан жиноий иш очилди.

Биз Twitterда