Янгиқўрғонда 21 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “CD-Center” тўйхонасида 21 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди.
Маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Янгиқўрғон тумани ҳокими Муҳаммадзокир Маматханов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
 
 
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
 
 
 “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида халқимизга хос эзгу ишлар кўламини янада кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган мазкур маросимларда ижтимоий ҳимояга муҳтож 285 оила фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиш белгиланган.
Янгиқўрғон туманида бошланган тантана аҳоли томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди.
 
 
Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимида улар номига очилган ҳисобрақамига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчаси тантанали равишда топширилди.
Санъаткорларнинг наволари даврага ўзгача файз, болалар ва уларнинг оила аъзоларига олам-олам завқ бағишлади.

Биз Twitterда