Янги нашр: Тожвирус пандемиясини енгамиз

Шоир, публицист, Турон фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаларининг аъзоси, халқаро танлов махсус мукофотининг соҳиби Абдулла Жалил карантин даврида янги китоб ёзди. Ушбу китоб куни кеча нашрдан чиқди.
 
 
Ундан шоирнинг карантин даврида уйда қолиб ёзган янги шеърлари, тожвирус пандемияси ҳақидаги публицистик мақолалари ўрин олган. Шунингдек шоир пандемия даврида рўй берган вокеалар – Сардоба сув омборининг ўпирилиши, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Давлат тили тўғрисида қонун ҳужжатларини бузиши тўғрисидаги 42-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича билдирган муносабатлари янги китобда эълон килинган.
Китоб «Она халқим, омон бўлгин, соғ бўлгин» деб номланган. Бу китобнинг муҳим томони шундаки, шоир асосий диққат-эътиборни халқимизнинг эпидемия, пандемия, юқумли касалликлар ҳақидаги билим ва тушунчаларини кенгайтиришга қаратган. «Тожвирус кандай пайдо бўлади?», «Ўзбек халқининг буюк кашфиёти», «Пандемияни енгишнинг олти асоси», «Исириқ солинглар Ўзбекистонга» номли мақолалари, «Тожвирус», «Карантин» номли шеърлар ана шулар жумласидандир.
Китобга шоир, академик Бокий Мирзо муҳаррирлик қилган. Янги китоб ғоят қизиқарли ёзилган. Ундаги тожвирус, пандемия ҳақидаги сиз билмаган, эшитмаган қимматли маълумотлар карантин даврида сизга асқотади деган умиддамиз.
Нозимжон Жаббор

Биз Twitterда