Фарзандлари порлоқ келажаги учун қайғурган ота

Article
Ҳали уч ёшга тўлмаган жиянимнинг зийраклигидан ақлим шошади. Унинг ёшида бўлганимда аэропорт сўзини тўлиқ талаффуз қилиш у ёқда турсин, нималигини ҳам билмаганман. Нотаниш товушлардан ҳайиқиб, ҳайвонот боғини остонасида туриб қайтганимни эс-эс хотирлайман. Болаликдаги суратларим бармоқларим саноғига етмайди... Моддий техника ҳақида тўхталишимга ҳожат ҳам йўқ. Кўчаларда онда-сонда енгил машиналар ўтиб турар, йўловчиларнинг манзилига етиб олиши узоқ муддатга чўзиларди.... Энди-чи? Ҳаммаси бутунлай бошқача... Мана, халқимиз орзу қилган ёруғ кунлар остона ҳатлаб кирганига 25 йилдан ошаяпди.
Буни қаранг, узоққа бормай, кўз олдимизда замон шиддат билан ривожланаётганини шу фурсат мисолида кўришимиз кифоя. Чорак аср давомида одамларнинг тафаккури, дунёқараши қанчалик ўзгарганини сезиш қийин эмас. Шижоатли ёшлар камолга етиб, Ватан равнақи йўлида камарбаста. Бугун таълим дейсизми, маданият, хоҳ санъат, хоҳ спорт соҳасида юртимиз мадҳияси жаҳон узра баралла янграётгани ҳар биримизни беихтиёр ғурурлантиради. Энг муҳими, юртимизда тинчлик нафаси ҳукмрон, эркимиз ўз қўлимизда. Минг шукрки, дастурхонимизга Ҳизр назари тушиб, қуёшли ўлкамизда етишиб пишаётган ширмой нонларимиз ризқимиз бутунлигини англатиб турибди. Биз бундай бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришимизда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниев Каримовнинг ҳиссаси беқиёсдир. 
...Зангори экран орқали таниш овозни эшитганимизда юмушларимизни тўхтатиб, у томон ошиқамиз. Қалбларда эса ўзгача бир соғинч ҳисси чулғаб олиб, кўздан ёш илиқ табассум ила сирғаниб тушади... Ўша сиймо, улуғворлик тарк этмаган сиймо... Бизни, халқимизни, ўтмишимизни мустақиллик карвон йўлига олиб чиқиб, йўлбошчилик қилган инсон... Тараққиётимизнинг ривожланиш стратегиясини ўзига хос "Ўзбек модели” асосчиси... Юрт фарзандини ўзини фарзандидек, суйиб ардоқлаган, ғамхўрликлар кўрсатган меҳрибон ва жонкуяр ота... Меҳри иссиқлигидан ҳар биримизнинг кўнглимизни ёритган шамчироқ... Бир сўз билан айтганда таърифлашда адоғи кўринмайдиган тарихий шахс... Мана шундай инсон билан бир даврда яшаб, тарбиясидан, ибрат мактабидан баҳраманд бўлиш насиб қилгани толеъимиз кулганидан далолат, десам муболаға бўлмайди.
Бизнинг юракларимиздан абадий жой олган азиз Отажон! Сизга минг бор ҳамду санолар бўлсин! Қабрингиз Аллоҳимнинг шафоат нурлари билан чароғон қилсин. Биз ўзбек фарзандларининг порлоқ келажаги учун қайғуриб яратган жаннатмакон юртимиз ва қолдирган бебаҳо меросингиз ҳаёт йўлимизда қоқилмасдан олға, ўзимизга ишонч руҳи билан одимлашимизга қаноат бўлишига асло шубҳа йўқ. Сиз бизга, ўғил-қизларингизга катта ишонч ва умид билан қарардингиз. Ана шу ишончингизни албатта оқлаймиз ва биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, кам бўлмаслигимизни исботлаймиз. Абадий уйқунгиз тинч, руҳингиз хотиржам бўлишни Яратгандан сўраб дуолар қиламиз.
Шаҳло Абдусаидова

Биз Twitterда