Электрон ҳукумат бюрократия кушандаси

Aхборот-коммуникация технологиялари ривожланиб бораётган бугунги кунда мамлакатимизда ҳам соҳага доир қонуний асосларни шакллантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 3 декабрда қабул қилинган  «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонунининг мақсади электрон ҳукумат cоҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Электрон ҳукуматнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;
ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;
ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакл-лантириш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш;
тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензия-лар, рухсатномалар, сертификатлар бериш, шунингдек, давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;
тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;
нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.
“Электрон ҳукумат” (инглизчадаги Electronic Government тушунчанинг айнан ўзи) - бу фуқаролар, бизнес, давлат ҳокимияти бошқа тармоқлари ва давлат амалдорларига ахборот тақдим этиш ҳамда аввалдан шаклланган давлат хизматларини кўрсатишдир. Бунда давлат ва фуқаро ўртасидаги шахсий алоқа минималлаштирилган бўлиб, ахборот технологияларидан максимал даражада фойдаланилади. У давлат ҳокимияти органларининг фуқароларга ахборот ва давлат хизматларини тақдим этишда янги технологиялардан фойдаланган ҳолда  қулайликлар яратишга имкон беради. Бу тизим давлат тузилмаларини бошқаришни, давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш орқали бизнес-жараёнларни самарали ривожлантиришни таъминлабгина қолмай, фуқароларга давлат хизматларини интернет орқали ҳаммабоп интерактив шаклда тақдим этиш имконини ҳам яратади. Демак, Электрон ҳукумат бу ҳукуматнинг тўлиқ шакли эмас, балки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, давлат ахборотлари ва хизматларини кўсатиш фаолиятидир.
Электрон ҳукумат тизими давлат органлари ўз фаолияти доирасида фуқаролар, тижорат тузилмалари ва бошқа давлат органлари билан алоқага киришишини ҳисобга олган ҳолда, бу тизимни учта ташкил этувчиларга ажратиш мумкин:
Government to Citizens - G2C (Давлат - Фуқарога): Бу давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролар ўртасидаги алоқа бўлиб, унда давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланилади. Бундай хизматларга маълумотномаларни олиш, гувоҳнома ва рухсатномаларни расмийлаштириш, шахс ҳаётига оид юридик жиҳатдан муҳим ҳодисаларни рўйхатдан ўтказиш киради. Бунда фуқароларга интернет орқали, асосан, ҳукумат маълумотлар базаси билан ишловчи ягона ҳукумат порталини ташкил этиш йўли билан барча турдаги давлат хизматларини кўрсатиш назарда тутилади. Бундай портал орқали фуқаролар қулай ва тушунарли шаклда ҳукумат фаолияти ҳақида маълумот олишлари, шунингдек, ўз фикр ҳамда мулоҳазаларини билдиришлари, фуқаролик ва жамоатчилик бурчларини бажаришлари мумкин.
Government to Business - G2B (Давлат – Бизнесга): Давлат органлари ва бизнес ўртасидаги ўзаро муносабат бўлиб, келишув жараёнининг боришини тезлашишига, қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишга эҳтиёжни қисқартириш орқали зарурий маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнини тезлашишига имкон беради. Оқибатда давлат органлари тижорий ташкилот билан хизмат кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш учун ўзларининг усул ва воситаларини тақдим этиши мумкин. Технологиялардан, давлат харидларининг очиқ, шаффоф тизимидан оптимал фойдаланиш ҳисобига уларининг харажатлари қисқаради.
Government to  Government - G2G (Давлат – Давлатга): Давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабат бўлиб, замонавий технологиялар ёрдамида давлат органлари ўртасида ички ва ташқи алоқаларни такомиллаштириш ва уларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини амалга оширишга имкон яратади. Бу билан уларнинг фаолиятини қайта қуришга кўмак-лашиб, хизмат кўрсатишнинг яхлит шаклини таъминлайди. Бу ўз навбатида ишчи кучига мотивацияни ошириш орқали харажатларни камайтириш, иш самарасини оширишга, шунингдек, кенг қўлланилаётган усул ҳамда воситалардан фойдаланиш орқали ички бизнес-жараёнларнинг қайта қурилишига олиб келади. Бу электрон ҳукумат фаолиятининг асоси ҳисобланиб, барча давлат органларини бирлаштириб турувчи ички ҳукумат тармоғидан таркиб топган ва унинг доирасида фуқаролар ҳамда мамлакат ҳудудида фаолият олиб борувчи ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар базасини ўз ичига олган барча ҳукумат маълумотларини жамлаган маълумотлар базаси шакллантирилади.
Электрон ҳукуматнинг ҳар уч ташкил этувчиларини яратиш ва амалга тадбиқ этиш чамбарчас боғлиқдир. G2C ёки G2Bни йўлга қўймасдан G2G тизимини амалга ошириш бир томонлама самара беради, вақт ва воситаларни самарасиз сарфлашга олиб келади. Шу боис унинг барча таркибий қисмларини амалга тадбиқ этиш дастурини ишлаб чиқиш ва тадрижий-босқичма-босқич амалга ошириш жуда муҳим. Бу эса коммуникациянинг жадал ривожланиши, ташкилотлар ўртасида электрон ҳужжат айланишининг йўлга қўйилиши, тадбиркорлар томонидан ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига электрон шаклда топширилиши, ҳисоб-китобларнинг электрон тартибда амалга оширилиши, шунингдек, давлат органларига электрон тартибда мурожаат қилиш каби имкониятларни кенгайтиради.
Тоҳиржон АҲМАДЖОНОВ

Биз Twitterда