Дунё давлатлари ўз қонунларини интернетга қандай жойлашади?

Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини интернетга жойлашда ривожланган хорижий давлатлар амалиёти ҳам ўзига хос аҳамиятига эга.
 
 
Жумладан, ҳар бир давлат ҳуқуқий маълумотларини аҳолининг турли қатламларига етказиш бўйича маълум тажрибага эга. Ушбу масала илк бор давлат миқёсида АҚШда кўтарилган. ХIХ аср охирларида ҳуқуқий маълумотларни аҳолининг турли қатламларига етказиш мақсадида ҳукумат таркибида Ихтисослашган ҳукуматнинг ҳуқуқий нашрларини тарқатиш бошқармаси (U.S. Government Printing Office/GPO) жорий этилади. Бошқарманинг асосий вазифаси этиб АҚШнинг барча юқори турувчи давлат идораларининг (Федерал ҳуқумат, Конгресс ва барча федерал муассасалар) расмий ҳужжатларини нашр этиш ва ижрочиларга етказиш белгиланган.
ХХ асрнинг 60 йилларида бундай тажриба бир қатор бошқа ривожланган давлатларда ҳам (Франция, Австрия, Германия, Бельгия) қўллана бошлайди.
Информацион ва телекоммуникацион технологиялар ривожланиши ҳуқуқий маълумотларни аҳолининг турли қатламларига манзилли етказиш тизимига ўз таъсирини ўтказади. Ҳуқуқий маълумотлар ҳажми кескин кўпайиши анъанавий қоғоз шаклдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кутубхоналардаги мажмуа ва каталоглар ўрнига Ҳуқуқий маълумотларни излаш тизимларини (ҲМИТ) ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилиши бошланади.
Европа давлатларида ҳуқуқий маълумотларни жамлаш ва уларни компьютер орқали излаш тизими илк бор 1967 йилда Бельгияда жорий этилган. CREDOC деб номланган электрон тизим бир қатор университетлар ва Бельгия адвокат ва нотариуслар Иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган. CREDOC тизими орқали ҳуқуқшунослар жамлашган миллий ва халқаро ҳужжатларни излаш имкониятига эга бўлган.
Ўтган асрнинг 80 йиллари охирида Австрияда RDB ҳуқуқий маълумотларни излаш тизими ташкил этилади ва унда беш юз мингдан ошиқ норматив ҳужжатлар ва бир юз эллик мингдан ошиқ суд қарорлари жамланади.
1990 йил охирида Германияда эса тўрт юз мингдан ошиқ ҳужжатларни жамлаган JURIS ҳуқуқий маълумотларни излаш тизими ташкил этилади. Ушбу тизим турли хил давлат муассасаларининг норматив ҳужжатларини бирлаштирган электрон каталог сифатида фаолият кўрсатган.
1967 йилда АҚШнинг Огайо штати адвокатлар коллегияси ва DATA Corp. фирмаси ташаббуси асосида LEXIS ҳуқуқий маълумотларни излаш электрон тизими жорий этилади. Кейинчалик 1980 йилда ушбу тизимга Буюк Британия ва 1985 йилда Австралия қўшилади.
Бугунги кунда LEXIS тизими АҚШнинг барча федерал аҳамиятга эга ҳужжатлар, штатлар қонунчилиги ва суд прецендентларини жамлаган. АҚШнинг ҳуқуқий маълумотларни излаш тизими такомиллашиши ва интернет тармоғига уланиши ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизими кескин ривожланишига олиб келади. Бугун бир кунни ўзида LEXIS тизимида йигирма мингдан ошиқ сўровларга жавоб берилади.
Ҳозирда дунёнинг юздан ошиқ давлатларида ҳуқуқий маълумотларни излаш тизимлари шаклланган. Бу тизимлар давлат тасарруфида бўлган ва нодавлат тижорат тизимларига бўлинади. Мисол сифатида АҚШнинг LEXIS, WRU, WESTLAW, JURIS, ELITE, Буюк Британиянинг PRESTEL, POLIS, LEXIS, Италиянинг ITALGUIRE, Бельгиянинг CREDOC, Германиянинг Бундестаг ҳуқуқий маълумотларни излаш тизими, LEXINFORM, JURIS, Финляндиянинг — FINLEX, Франциянинг — IRETIV, SINDONI ва бош­қа тизимларини келтириш мумкин.
Ҳуқуқий маълумотларни манзилли етказиш тизими муҳимлигини инобатга олган ҳолда бу борада махсус минтақавий халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Масалан, 2001 йил 28 февралда Европа Иттифоқи Вазирлар Маҳкамаси Кенгаши томонидан “Судларга оид ва ҳуқуқий маълумотларни замонавий коммуникация технологиялари орқали манзилли етказиш тўғрисида”гитавсиялар қабул қилинган. Тавсияларда белгиланганидек, ҳар бир давлат норматив ҳужжатларнинг барчасини аҳоли ва ҳуқуқий маълумотлар истеъмолчиларига аниқ, ўз вақтида, бепул ва тушунарли шаклда етказишига масъуллигини таъкидланган.
Шунингдек, ривожланган давлатларда ҳуқуқий маълумотларни тарқатиш тизимига нафақат давлат ташкилотлари, балки барча фуқаролик институтлари ҳам жалб қилинган. Масалан АҚШ, Германия, Франция ва бир қатор бошқа давлатларда ҳуқуқий маълумотларни тарқатиш тизимига сиёсий партиялар, ННТлар, корпорациялар, ёшлар, аёллар, кексалар, ногиронлар ва бошқа ташкилотлар ҳам киради.
                            Баҳодир ИСМАИЛОВ

Биз Twitterда