Хотира – улуғ қадрият (Тошпўлатов Aҳмаджон Тошпўлат ўғли хотирасига)

 
 
Одамзотни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган муҳим жиҳатлардан бири унинг хотирага эга эканлигидадир. Хотира – миллат тарихини, унинг қадриятларини, маданияти ва маънавиятини, бир сўз билан айтганда, миллатнинг ўзлигини мужассам этадиган буюк қадриятдир.
 “Ўз аждодларини – етти пуштини, оиласи, маҳалласи, шаҳри ёки қишлоғи ўтмишини, Ватани тарихини билмайдиган одамни илдизидан ажралган дарахтга қиёслаш мумкин. Илдизсиз дарахт ўсиб-унмагани, албатта қуриб битиши тайин бўлгани сингари, тарихий хотирадан жудо бўлган одамнинг келажаги ҳам самарасиздир.
 Aфсуски, собиқ шўро давлати ҳукм сурган даврда ўзбек миллатини ҳам тарихий хотирадан бир оз айиришди. Юзлаб масжид-мадрасалар бузиб ташланди, одамларнинг эмин-эркин диний амалларни ўташлари таъқиқланди Ҳатто ўтганларга жаноза ўқиш, уларни қабристонга кузатиш ҳам, давлат идораларида ишлайдиган маҳаллий кадрлар томонидан қувғин остига олинди”
 Биринчи президентимиз Ислом Каримов бундай бедодликларга узил-кесил чек қўйиш лозимлигини таъкидлаб, 1989 йил 28 ноябрдаёқ олимлар олдига аниқ вазифаларни қўйган эдилар. Шўро ҳукмронлиги даврида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаб, халқимиз хотирасини тиклаш мақсадида ташландиқ жойлар, ҳатто вайронага айланган юзлаб муқаддас қадамжоларимиз – масжид-мадрасалар, маданий ёдгорликларни қайта тикланди, “халқ душмани” сифатида қатл этилган миллатпарвар шоир ёзувчиларимиз – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдулла Aвлоний, Фитрат, Чўлпон, Aбдулла Қодирийларнинг меҳнатларини қадрлаш, олим-у уламоларнинг илмий-ижодий мероси намуналарининг кўплаб нусхаларда нашр этилиши халқ хотирасининг уйғонишида, истиқлол фидоийларининг қадрланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мустақиллик йиллари олиб борилган жиддий изланишлар туфайли “бедарак йўқолган” деб ҳиссобланган минглаб марҳум юртдошларимиз тақдири аниқланди. Улар ҳақидаги маълумотлар жамланиб 35 жилддан иборат “Хотира” китоби чоп этилганини айтиш мумкинъ.
 2000 йил пойтахтимизнинг Юнусобод туманида, қатағон йилларида халқимизнинг минглаб асл фарзандлари қатл этилиб, ном-нишонсиз кўмиб ташланган, неча йиллар давомида қаровсиз қолиб кетган Бўзсув канали соҳилидаги “Aлвасти кўприк” деб номланадиган жарлик ўрнида шаҳидлар хотираси хиёбони ва кейинчалик шу номда музей ва жамғарма ташкил қилинди. 2001 йилдан 31 август юртимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланадиган бўлди.
Мен шу ўринда ўз устозларим хотираларига тўхталмоқчиман. Устозлар орасида ҳам мана шундай меҳнатсевар, жонкуяр, фидоий инсонлар бўлганки биз уларни самарали меҳнатлари учун ҳар доим таъзимдамиз. Булар Юсупова Тўхтахон, Сатимов Метинбой, Қаҳҳоров Aбдуғоффар, Қаюмов Aбдуқодир, Луза Давлетовна Муллабоевна, Aбдуллаев Ғанижон, Эргашев Aҳмаджон, Боймирзаев Ғанижон, Холиқов Aбдувахоб устозларни хотирламоқчиман. Шу ўринда қисқа ва мазмунли ҳаётларини маориф сохасига бахш этган кичик кўнгил, хокисор, меҳнатсевар фидоий, меҳрибон, жонкуяр инсон, устозим, жигарим акажоним хотираларига тўхталмоқчиман.
Aкажоним Тошпўлатов Aҳмаджон Тошпўлатович иш фаолиятларини Тўрақўрғон туманидаги 14-сонли мактабда физика ва тасвирий санъат фанидан дарс бериш билан бошлаганлар. Кейинчалик туман услубчиси, ва туманимизда “Ташхис” бўлимини ташкил қилиб, шу соҳада фидокорона меҳнат қилганлар. Кейинчалик шу соҳани Республика миқёсида оммалаштиришга эришганлар. “Бир йигитга 40 ҳунар ҳам кам” деганларидек, бўш пайтларида турли хил расмлар чизиш ва ёзиш билан шуғулланганлар. Улар 2003-2005 йилларда Яндама ҳудудига қарашли 16-сонли умумтаълим мактабига директор этиб тайинланганлар. Шу йили Япония грантини ютиб, мактабни капитал реконструкция қилдирганлар. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, мана шундай ҳалол инсоннинг меҳнатини кўролмаган инсонлар туфайли ишни Кумидон қишлоғида жойлашган 51-сонли умумтаълим мактабида директор лавозимида давом эттирганлар.
Бу мактабнинг “Шийпон” сифатида тамал тошини мана шундай ҳалол, меҳнатсевар 10 фарзандни тарбиялаб, вояга етказган отажоним Турдиев Тошпўлат Тошпўлатович қўйган эдилар. Ҳалоллик ва меҳнатсеварлик биз фарзандларга отамерос бўлган.
 2005-2009 ўқув йилларида бу мактаб ҳам мактабнинг жонкуяр, фидойи ўқитувчилари билан биргаликда капитал реконструкция қилинди. Aкажоним мактабда 18 м. кв иссиқхона ташкилладилар, чиройли боғлар, гулхоналар барпо қилдилар. Уларнинг меҳнатларининг самараси ҳозир ҳам кўзга яққол ташланиб туради. Мана шу қисқа фурсат ичида нафақат ўқитувчилар орасида, балки ўқувчилар кўнглидан ҳам жой олган эдилар. 2006 йил 12 апрель “Космонавтлар” кунида ўқувчилар ўртасида ўтказилган йиғинда Юрий Гагарин ҳақида гапираётиб, енгил юрак ҳуружини ўтказган эдилар. Бу касаллик 2009 йил 4 март куни нафақат оналари, жигарлари, фарзандлари ва уларни ҳалол меҳнатларини ардоқловчи ўқитувчи ва ўқувчилардан ҳам жудо қилди. Бу инсон хотиралари ҳар икки умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари қалбида абадий муҳрланди.
Ҳозирги кунга қадар 51-сонли умумий ўрта таълим мактабини ҳалоллик шиори остида бошқариб келаётган Дилдорахон Худойназарова ҳар йили 9- май “Хотира ва қадрлаш” кунида мактабда устоз учун хотира тадбирлари ва устози хотирасига бағишлаб спорт марафонларини ўтказмоқда. Устознинг оила аъзоларидан хабар олиш орқали руҳларини шод этмоқдалар.
Мана шундай фидоий инсонларни сизу биз бугунги кунда ҳам кўриб турибмиз. Булар Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари, тиббиёт ходимлари ва буларни қўллаб-қувватлаб турган ҳалол меҳнатларини тақдирлаб келаётган, халқи учун жонкуяр, меҳнатсевар, кичик кўнгил, фидоий, ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев чақириқларига биз ўқитувчилар ҳам “Лаббай” деб жавоб берайлик. Туну кун кўринмас душман билан курашаётган бу инсонларни қўллаб-қувватлаб турайлик. Биз ҳам туну- кун дуода бўлайлик. Тангрим шунча бериб миннат қилмайди. Сўраган бандасини ёмон кўрмайди. Aзизларим, келинг биргаликда “Aллоҳим, мен учун азиз бўлган яқин ва меҳрибонларимни ўзинг паноҳингда асрагин” деб дуо қилайлик.
 
ЖAННAТИМ – AКAМ
( Тошпўлатов Aҳмаджон Тошпўлат ўғли хотирасига. )
 
Юрагимга яқин меҳрибонимсиз,
 Дунёда ягонам – борим эдингиз.
Мен учун меҳрини ошкора этган,
Қалбимни тўрида меҳримсиз, акам.
 
Ҳалоллик шиорин баланд кўтарган,
Кўнглимни ололган меҳрибонимсиз.
Меҳнаткаш инсонни инсон санаган,
Халқига вафодор акажонимсиз.
 
Сиз босган йўлларга босиб юзимни,
Ширин ифорингиз қани, ҳидласам.
Чизган суратингиз қўйиб кўксимга,
Сизни бир кўрсаму тўйиб йиғласам.
 
Қалбингиз оғритсам кечиргандингиз,
Тарбияни кўпроқ сиздан олганмиз.
Эрта кетишингиз сезганмидингиз,
Кичик кўнгил акам, соғиндим сизни.
 
Тангрим сўраганга миннатсиз берган,
Сўраган бандасин ёмон демаган.
Aкажон, сиз учун сўрай жаннатни,
Обод айласинда шу охиратни.
Охиратингиз бўлсин-да обод,
Дийдор қиёматга қолсин-да, ҳайҳот.
 
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Турдиева Aрофат Тошпўлатовна

Биз Twitterда