Хабарнинг манбасини кўрсатмаган электрон ОАВга чора кўришни йўлга қўйиладими?

Photo: http://s.nbst.gr
 
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Республикамизда мингдан зиёд босма, тўрт юзга яқин электрон оммавий ахборот воситаси фаолият олиб бормоқда.
ОАВ фаолияти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан тартибга солинади. Қолаверса, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳам соҳавий қонунлар ҳисобланади.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига бевосита алоқадор қонунлардан яна бири бу – “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир.
Бу қонунга асосан, оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар Муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайдиган материаллар деб белгилаб қўйилган.
Энди савол туғилади: Нега? Бир журналист бир долзарб мақола ёзиш учун соатлаб меҳнат қилиши, ёки бир таҳририят керак бўлса ахборот олиш учун маълум бир миқдорда маблағ сарфлашини эътиборга олиш керак эмасми?
Қонунда яна бир бошқа модда бор: Асарлардан муаллифнинг исми-шарифини кўрсатган ҳолда эркин фойдаланиш.
Унга кўра, кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш мумкинлиги, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно экани белгилаб қўйилган. Бироқ бу ерда жуда чалкаш талқинга йўл очилади: биринчидан, материал муаллифи томонидан буни таъқиқлаш қайси қонунга асосан қандай шаклда амалга оширилади? Иккинчидан таҳририятларнинг материал муаллифига берган гонорарини ҳисобга олганда, уларнинг материалга бўлган ҳуқуқи нимадан иборат? Энг қизиғи, бу қонунда электрон ОАВ ва унинг материаллари ҳақида бирор сўз ҳам йўқ...
Сўнгги пайтларда электрон ОАВларда жуда кўп ҳолларда манбаини ҳеч кўрсатмаган ҳолда, муаллифсиз берилган материалларга дуч келяпмиз. Баъзан эса шундай кулгили ҳоллар учраяптики, ўз рейтингларини ошириш мақсадида бошқаларнинг аввалдан чоп этган материалларини қайта чоп этган ҳолда, “таҳририятимизга келиб тушган маълумотга кўра” шаклидаги изоҳлар ҳам учраяпти...
Кўриниб турибдики, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун ҳам таҳрир талаб бўлиб қолган. Унга алоҳида банд билан, “Электрон оммавий ахборот воситалари чоп этаётган материалларининг манбасини кўрсатиши, агар таҳририятга оид манба бўлса буни билдириб ўтиши, очиқ интернет манбаларидан фойдаланаётган бўлса, манба номини аниқ кўрсатган ҳолда(фақат Ўзбекистон эмас, дунёнинг қаерида жойлашганидан қатъий назар), айни материалга фаол ҳавола берилган шаклда материалларни чоп этишлари шарт” деган бандни қўшиш керак.
Ўз навбатида Маъмурий жавобгарлик Кодексига бундай қонунбузилиш ҳолатларида қўлланиладиган жазо чоралари ҳақида банд киритиши лозим.
Шундагина ахборотнинг объективлигини таъминлашга эришамиз (таҳририят талқини билан аслиятни солиштириш имкони яратилади), қолаверса, таҳририятларнинг ижодий фаолиятини такомиллаштирамиз, фақат кўчириб босиш билан иш юритаётган ОАВ ўз ўзидан равшан бўлади, ҳар ким меҳнатининг эътирофини топади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда