Бугун Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди!

 
Тарихи бир бўлган икки қардош давлат, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида муносабатларнинг сўнгги пайтларда яна ривожланаётгани, маълум бир оралиқда объектив ва субъектив сабаблар билан анча заифлашган алоқалар яна тикланаётгани қувонарли ҳол.
Зеро, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини илк тан олган, мамлакатимиз билан биринчилардан бўлиб дипломатик алоқа ўрнатган давлатдир. Бундан роппа роса 25 йил муқаддам, 1992 йил 4 мартда мамлакатларимиз ўртасида расмий дипломатик муносабатлар бошланди.
Икки давлат ўртасида олий даражадаги ташрифлар тамал тоши 1991 йил 16-19 декабрда биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан Туркияга қилинган расмий ташриф билан қўйилди. 1992 йили апрел ойида Туркия Бош вазири Сулейман Демирелнинг Тошкентга ташрифи чоғида юртимизда Туркия Жумҳуриятининг элчихонаси очилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан “Анадолу” Ахборот агентлигига интервью берган Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмед Башар Шен Сўнгги даврда икки ўлка ўртасида икки томонли юқори савияда ташрифлар амалга оширилаётгани эслатиб, бу учрашувларда алоқаларни энг юқори чўққига олиб чиқилиши, савдо айланмаси ҳажмини янада оширилиши, ҳамкорликнинг ҳар соҳада ривожлантирилиши каби мавзуларда фикр бирлиги мавжудлигига урғу берди. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдо ҳажмининг 1,25 миллиард доллар эканини, бу эса умумий аҳолиси сони 110 миллион бўлган Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги салоҳиятига мос эмаслигини таъкидлади.
Тошкентда Юнус Эмре маданият марказининг, Туркияда эса Ўзбекистон маданияти марказининг очилиши, туризмни ривожлантириш учун ҳар икки томондан авиасафарлар сонини орттирилиши борасида ҳам музокаралар олиб борилаётганини тилга олган элчи, “Турклар она ватанини қандай севишса, оталари минг йил аввал чиқиб кетган бу ота тупроқларга ҳам алоҳида бир соғинч ҳис этишади” деди.
Ахмед Башар Шен шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 2008 йилдан бери Қўшма Иқтисодий Комиссия йиғилишлари ўтказилмай қолганини эслатиб, бу йил икки давлат Бош вазир ўринбосарлари ҳамраислигида бу Комиссия йиғилишининг Тошкентда ташкил этилиши борасида иш олиб борилаётганини, бу йилнинг биринчи ярмида Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлунинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилганини билдирди.
© vodiymedia

Биз Twitterда