Бош мезон – одамларни ҳаётда рози қилдириш

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2721-сонли қарорига мувофиқ юртимиздаги барча вилоят, шаҳар ва туманларда Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилди.
 
 
Мингбулоқ туманидаги бундай қабулхона Жомашўй шаҳарчасидаги Почта кўчаси, 1-уй (бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими биноси)да жойлашган. Журналист Нур ЗИЁД Халқ қабулхонаси мудири Фарход Раҳимбоевга саволлар билан мурожаат қилди.
- Фарход Муродуллаевич, Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатларни қабул қилиш тартиби ҳақида батафсилроқ тушунча берсангиз.
-Президентимизнинг 2721-сонли қарорига қилинган "Туманлар ва шаҳарларда тузиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги намунавий низом" ҳақидаги 7-иловада булар ўз аксини топган. Унга кўра, Халқ қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.
Аризачи шахсан мурожаат этган тақдирда Халқ қабулхонасида навбат бўйича тартиб рақамини олади ва кутиш учун ажратилган жойда қабулхона ходимининг чақиришини кутади.
Аризачи чақирилгандан кейин ходимимиз аризада кўрсатилган тегишли маълумотлар аризачининг шахсини ва ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар билан мослигини текширади. Унинг якунлари бўйича қабулхона ходими аризани Виртуал қабулхонага киритади, у орқали аризага ўзига хос рўйхат рақами беради. Ариза рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги рақамни кўрсатган ҳолда қабул қилингани тўғрисида тегишли қайдни қўяди.
Халқ қабулхонаси томонидан почта алоқаси орқали олинган мурожаат ҳам ўзига хос рақам берилган ҳолда Виртуал қабулхонага киритилади.
Келиб тушган ёзма мурожаат ходимимиз томонидан электрон шаклга ўтказилади (сканерланади). Унга электрон рақамли имзо (бундан буён - ЭРИ) қўйилади ва Виртуал қабулхонага киритилади.
Тушган оғзаки ёки элек­трон шаклдаги мурожаат Халқ қабулхонаси ходими томонидан Виртуал қабулхонага киритилгач, унинг ЭРИси билан имзоланади. ЭРИ фақат берилган аризада нотўғри маълумот йўқлиги фактини кўрсатади.
Қўйилган масала туманимиз миқёсида ҳал этилиши мумкин бўлган ҳолларда, мурожаатни Виртуал қабулхонага киритиш билан бир вақт­нинг ўзида у шу минтақада фаолият юритаётган давлат органи ёки хўжалик бошқарувининг номига юборилади.
Таъкидлаш жоизки, кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал ва бош­қа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларни Халқ қабулхонаси мазмунан кўриб чиқмайди.
Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлашда вилоят, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари тенг ҳуқуқ ва ваколатларга эга.
- Халқ қабулхонаси фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?
- Давлатимиз раҳбарининг "Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисда"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Халқ қабулхонасида аҳоли ўзининг турли мавзудаги мурожаатларига ечим топяпти.
Асосий вазифамиз фуқароларнинг Президентимиз номига, Олий Мажлисга, Президент девонига, Ҳукуматга, Давлат бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига, бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун етарли имконият яратишдан иборат.
- Кираверишда туман ҳокими, туман прокурори ҳамда туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг қабул кунлари жадвалига ҳам кўзимиз тушди. Энди улар ўз идораларида фуқаролар қабулини тўхтатишадими?
- Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш - аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди. Шу маънода юртимизда барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим вужудга келмоқда. Бу бевосита Халқ қабулхоналари фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Низомимизда жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қабулини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан, видиоконференцалоқа орқали ўтказиш тартиби ҳам белгиланган.
Халқ қабулхонасида юқорида сиз айтган раҳбарларнинг қабули йўлга қўйилгани ҳам бежиз эмас. Туманимиз ҳокими ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари соат 14:00дан 16:00гача, туман прокурори сешанба ва жума кунлари соат 14:00дан 16:00гача, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи эса чоршанба куни соат 14:00дан 16:00гача, пайшанба куни соат 11:00дан 13:00гача Халқ қабулхонасида фуқаролар мурожаатлари бўйича фаолият юритишларини тизимли йўлга қўйдик.
Лекин улар ўз идораларида ҳам фуқаролар қабулини аввалги тартибда амалга ошираверадилар. Бу масалада ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
 

Биз Twitterда