Беназир инсон - мумтоз олим, шоир Нуриддин Бобохўжаев ёди

Ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган Нуриддин Бобохўжаев ҳам илмда, ҳам шеъриятда тилга тушган буюк қалб эгаси меҳр-оқибатда ҳам якто инсон эдилар. Санобар опа билан домламиз ҳеч қандай манфаатсиз илмга, адабиётга, ижодкорларга меҳр кўрсатардилар. Наманган, Андижон, Фарғона, қўшни Қирғизистонда домланинг шогирдлари бор. Домла ҳақида гап кетганда ҳамма у кишини ифтихор билан тилга олади.
 

Фарғонадаги катта адабиёт вакиллари - Йўлдош Сулаймон (жойлари жаннатдан бўлсин), Охунжон Ҳакимов сингари қатор адабиёт дарғалари устозни тилга олганларида албатта ҳассос шоирамиз Наманган Ёзувчилар уюшмаси раиси Санобар Ҳасановани иззат билан эслашади. Санобар Ҳасанова уюшмада ишлаган пайтларида жуда кўп ижодкорларни кашф қилганлар. Нуриддин Бобохўжаев билан қўшқанот бўлиб яшаб ижод қилган Санобар опа ёшларга ўзгача ҳайрихоҳлик билан, очиқ юз билан ёндошганлар. Ёшларга қанот бўлганлар. Зиёвиддин Мансуров, Лобар Рустамова, Содиқ Сайхун, Хайрулла Қосимов, Абдулла Жаббор, Аҳмад Турсун сингари ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлишларида  бу оиланинг хизмати катта. Устозимиз беназир инсон эдилар.
Наманганга келган пойтахтда яшовчи буюк ёзувчиларнинг Ғафур Ғулом, Зулфияхоним, Туроб Тўла, Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддиновлар сингари дарғалар ҳам меҳмонхоналарнинг люкс хонасида эмас, устозларимизнинг Боғ кўчадаги хонадонларида мушоира қилишган.
Санобар Ҳасанова довруғига менинг содда онам ҳам мафтун бўлиб шеър эшитгани, қатлама-патирлар ёпиб, шу ҳовлига мени бошлаб келганлар. Домла онамни, неча бор опам бўлдингиз, деб дастурхонга чорласалар, Санобар опам менга эгачисиз деб елкаларини силаганлар. Оқшом тушиб гаплари тугамаган онам шеърларини ёддан айтиб турибдилар. Бир этак боласи бор Санобархонимнинг юмшоқ тўшакларида, онамни қўлларидан ушлаб, шундай шоира бўламан, деганларим эсимда.
Намангандаги кўрар кўзларим дарсларини олдим. Шеър сеҳрига қул бўлдим. Тошкент маҳобатидан авжланиб Московларга бориб ўқидим. Аммо, юрагимда уларнинг меҳри ўчмади. Меҳрларни уларнинг меҳрига солиштирдим. Агар домла ҳаёт бўлганларида бу гапларимни дарсхоналардагидек менинг Дилбар қизим, шоира қизим деб алқардилар. Курсдошларим менга фахр билан қараб, шеър ўқинг Дилбар дейишарди. У кунлар сувдай оқиб ўтди,кетди. Аммо, мумтоз олим, шоир Нуриддин Бобохўжев ёди қалбларимизда садо бераверади.
Дилбар Ҳайдарова,
Шоира, прозаик, таржимон,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Биз Twitterда