Барбод бўлган Яқин Шарқ: 4 мамлакат ўрнида 13 яримдавлат

2009 йилда Барак Обама АҚШ давлати тепасига келган пайтда Сурия, Ливия, Ироқ ва Яман марказлашган бошқарув тизимига эга давлат ҳисобланарди. Фақат Ироқнинг фарқли жиҳати – у ерда вазиятни Америка ҳарбийлари назорат қилишарди. Бугун Обаманинг иккинчи президентлик муддати якунига етиб, ўз ўрнини Дональд Трампга топширган вақтда ушбу 4 мамлакат номигагина, расмий ҳужжат ва хариталарда бус-бутунлигини сақлаб турибди холос. Ҳақиқатда эса, Ливия, Ироқ, Сурия ва Яман бир неча йиллардан бери жаҳон ҳамжамиятида турли даражада тан олинган 13 та ярим давлатлардан иборат бўлиб қолди. Обама сўнгги хайрлашув матбуот-анжуманида амалга оширган ишларида афсусланмаслигини маълум қилди. Лекин айнан унинг ҳукмронлиги пайтида Яқин Шарқнинг янги харитаси вужудга келди. Бунда Оқ уйнинг катта ҳиссаси борлигини таъкидлаш лозим.
Ливия. Муаммар Қаддофийнинг ҳукуматдан четлатилгандан 6 йил ўтиб, бу мамлакат 4 ҳудудга бўлиниб кетди. Уларнинг майдаларини қабилалар ва ИШИД назорат қилмоқда. Ғарб ва шарқда йирик давлатлар юзаган келган. Пойтахти Триполи ҳисоблаган Миллий бирдамлик ҳукуматини БМТ тан олган. Тобрукни пойтахт этиб белгиланган Шарқий ҳудудни эса генерал Ҳалифа Хафтар раҳбарлигидаги Ливия миллий армияси назорат қилмоқда. Ҳеч қайси томон устунликка эга эмас, бир-бирига ён бергиси ҳам йўқ. Қонуний ҳисобланган Миллий бирдамлик ҳукумати ҳам ўзи назорат этаётган ҳудудда бошқарув тизгинини маҳкам ушлаёлмаётир. Мисол учун бир ҳафта олдин, Триполида Италия элчихонаси очилганидан бир кун ўтиб, жангарилар гуруҳи мудофа, адлия ва иқтисодиёт вазирликлари биносини эгаллаб олди. Кейинчалик эса махсус бўлинмалар томонидан улар суриб чиқарилган бўлсада, вазият нотинчлигича қолмоқда.
Яман. «Араб баҳори» мамлакатга президент Али Абдулла Солиҳнинг истеъфоси ва оммавий қўзғолонлар олиб келди. 2012 йилда Яман раҳбари сифатида сайланган Абд Раббу Мансур Хади ҳукумат тепасида узоқ қололмади. Икки йил ўтиб, Хусийларнинг қуролланган гуруҳлари давлатни коррупцияда айлаб, ҳукумат қўшинларига қарши юришни бошлаб юборишди. Улар 2004 йилги қўзғолондан сўнг мамлакат жанубини ўз назоратларида ушлаб келаётгандилар. 2015 йил бошида Хусийлар Санани босиб олишди. Амалдаги президент эса истеъфо бериб, Саудия Арабистонига қочиб қолди. Ар-Риёд бунга жавобан ҳарбий коалиция тузиб, Яманга ҳужум бошлади. Бугун саудияликлар бошлиқ коалициянинг операциялари барбод бўлганини кўришимиз мумкин. Хусийлар ҳамон мамлакатнинг катта қисмини ва пойтахтни ўз назоратларида ушлаб туришибди. Бундан ташқари, Хусийлар ва коалициянинг қарама-қаршилиги “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотини эътиборига тортиб, улар бошбошдоқликлардан фойдаланган ҳолда Яманнинг марказий қисмидаги катта ҳудудни эгаллаб олдилар. Шу тариқа Яман бугун учга бўлинган ҳолда, турли кучлар томонидан бошқарилаёган уч ҳудудга ажралди.
Сурия. 6 йиллик урушдан сўнг мамлакат 4 тўрт ҳудудга бўлинди. Уларнинг икки йиригини, ғарб ва шарқда ҳукумат ва ИШИД назорат қилмоқда. Шимолдаги катта ҳудудни эса Сурия курдлари ва қисман мухолифат кучлари назорат қилишмоқда. Шунингдек мухолифатнинг мамлакат маркази ва жанубида ҳам ўз назоратига олган ҳудудлари бор.
Ироқ. Мосулнинг озод этиш бўйича операциялар  ИШИДнинг Ироқ ва Сурия харитасидан осонлик билан йўқ бўлиб кетмаслигини кўрсатди. Шу ўринда курдлар, Ироқ шиа ва суннийлари ўртасидаги қарама-қаршилик авж олиб бормоқда. Шу сабабли Ироқ Курдистони ҳозирги пайтда оддий мухтор ўлкалик мақомидан чиқиб бўлгани ажабланарли ҳол эмас. Анчадан бери, Ироқ курдлари мустақиллик референдумини ўтказишни рўкач қилиб, Бағдодни чўчитиб келмоқда. Лекин айнан шу диний тусдаги қарама-қаршиликлар Ироқнинг таназзулида муҳим рол ўйнамоқда. Бундан фойдаланган ИШИД 2014 йилда Ироқ шимолига осонлик билан мустаҳкам ўрнашиб олди. Ўша вақтда ҳеч ким уларга қатъий қаршилик кўрсата олмади. Америкаликлар томонидан тайёрланган Ироқ армияси ҳеч нарса қилолмай, бўшанглигини намойиш этди.
Ливия, Яман, Ироқ ва Сурияни умумий жиҳатдан нима боғлаб турибди? Жавоби тайин, ушбу мамлакатлардаги можароларга АҚШнинг тўғридан-тўғри аралашуви. Барака Обама ҳукумат тепасига келиши билан мамлакатнинг миллий қадриятларини ҳимоя қилиш услубини ўзгартириб юборди. Вашингтон «гибрид уруш» тактикасини ҳаётга тадбиқ этди. Унинг асосий мақсади АҚШ пиёда аскарларини жанговор ҳаракатларга қўшмасдан, турли қуролли гуруҳларни молиявий жиҳатдан қўллаш, лозим пайтда ҳаво ҳужумлари орқали кўмак бериш орқали вазиятга ўз таъсирини ўтказиш эди. Америкаликлар ўз аскарларинг оммавий равишда қурбон бўлишини олдини олишди. Лекин бошқа тарафдан Вашингтон вазиятни назорат қилишни тамоман қўлдан чиқариб юборди. Турли гуруҳларнинг тарихий ва диний мазмундаги қарама-қаршиликлари Вашингтоннинг Яқин Шарқнинг 4 мамлакатида демократик давлатни барпо этиш ғояларидан устун бўлиб чиқди. Американинг ёрдамидан куч олган турли гуруҳлар ушбу мамлакатларни барбод этишди. Диний экстремизм ва терроризм ўчоғи янада гуриллаб аланга ола бошлади. Бугун улар турли ҳудудларни ўз қарашлари бўйича бошқармоқдалар ва жангсиз таслим бўлиш ниятлари йўқ.
Агар, авваллари АҚШнинг сиёсий рақибларига нисбатан қарши чоралари тўғридан тўғри кўриниш олган бўлса, энди Вашингтон ўз мақсадларини ўртачилар орқали амалга оширмоқда. Форс кўрфазининг араб мамлакатлари ва Туркия бундай “ҳамкорлик” уларнинг шиа мазҳабидаги Эронга қарши таранг муносабатларида яхшигина восита бўлади деб, ўзларича қабул қилдилар. Чунки, Эрон 2011 йилда Ироқдаги, 2014 йилда Ямандаги ҳодисаларга ўзининг фаол аралашувини намойиш этганди. Шундай курашлар Сурия, Ироқ ва Ямандаги можароларни чигаллаштириб ташлади. Эронлик, ливанлик, ироқлик, фаластинлик шиалар, ҳатто афғон кўнгилли шиалари бугун расмий Дамашқ тарафида туриб жанг қилмоқда. Шу вақтниннг ўзида Сурия мухолифати таркибидаги жангарилар сафида кўплаб саудияликларни топиш мумкин. Бундан ташқари, Доҳа ва Ар-Риёд Башар Асад душманларини молиялаштираётганини беркитмаяти ва уларнинг фаол равишда қуроллантирмоқда.
Минтақанинг етакчи давлатларининг ўзаро қизиқиш доиралари, бу борадаги келишмовчиликлар, можароларнинг янада авж олишига сабаб бўлмоқда. Одамларнинг бўлиниб қолиши, турли гуруҳларнинг ғояларини одамлар онгига сингиши, диний келишмовчиликлар ИШИД харитадан ўчирилиб, жисмонан йўқ қилинган тақдирда ҳам яна узоқ давом этиши муқаррар. Мамлакатларнинг ички ишларига аралашув, қора геосиёсий кучларнинг ғаразли мақсадлари минтақани юз йилларга ортга тортишга улгурди. Биргина Суриянинг ўзида урушлар натижасида 300 -500 минг киши қурбон бўлган.
Миллионлаб ливиялик, суриялик, яманлик ва ироқлик қочоқлар ҳозир ўз юртларидан узоқда, хору зорликда кун кечиришмоқда. Ўша демократларга ёқмаган ўз давлатларининг авторитар тузумида пайтида ҳам бундан минг чандон яхши ҳаёт кечираётган эдилар. Энди у пайтларни ортга қайтариб бўлмайди. Фақат тирик қолганларгина юртни равнақ топтириш учун ҳаракат қилишлари, тинчлик учун интилишлари лозим. 

Биз Twitterда