Баҳодир Юсупов Косонсой тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди

Косонсой шаҳрида Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида вилоят ҳокими вакили сифатида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, шунингдек, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, мутахассислари, ташкилот ва корхоналар, сиёсий партиялар туман кенгашлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 
 
 
Сессия кун тартибидан туман сайлов комиссияси раисининг ахбороти, Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш, Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш, Наманган вилояти ҳокими томонидан Косонсой тумани ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгаши депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш каби масалалар ўрин олди.
Наманган вилояти ҳокими томонидан Косонсой тумани ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди. 
Мазкур масала бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов сўз олиб, Вилоят ҳокими томонидан Косонсой тумани ҳокими лавозимига 30-Чорбоғ сайлов округидан сайланган депутат Юсупов Баҳодир Турсуновичнинг номзодини Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.
 
 
Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди. Сўзга чиққан депутатлар туман ҳокими лавозимига тавсия этилган Баҳодир Юсупов номзодини қўллаб–қувватлашди.
 
 
Юсупов Баҳодир Турсунович Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгаши депутатлари томонидан Косонсой тумани ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини тамомлади.

Биз Twitterда