Афғонистонда Бобораҳим Машраб қабри устида янги мақбара барпо этилмоқда!

Оташнафас шоир, халқ меҳрини қозонган валий зот Бобораҳим Машраб руҳи ардоқ топмоқда. Яқиндаги Наманган вилояти марказида Машраб ҳиёбони ташкил этилиб, унга атоқли бобокалонимизнинг ҳайкали ўрнатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Машрабнинг Афғонистондаги қабрини ободонлаштириш масаласи юзасидан афғон диёридан хушхабар олдик. Бобораҳим Машрабнинг Тоҳар вилояти, Ишкамиш шаҳарчасида жойлашган қабри устида барпо этилаётган мақбарада яна ишлар жонланиб кетди.
Ўтган йил баҳорига қадар қабр устида халқ томонидан бир неча юз йиллар аввал тош ва пахсадан қурилган ўта эскириб кетган бино мавжуд эди. Унинг аҳволи шу қадар аянчли ҳолатдаги эдики, қишни умуман ўтказа олмас эди.
Тоҳар вилоятининг ташаббускор ўғлонлари томонидан моддий кўмак тўпланиб, ўтган йил бошида янги мақбара қуришга тайёргарлик ишлари бошланди. Шундан сўнг бу хайрли ишга Тоҳар вилояти волийси (ҳокими) ўринбосари Фарид Заки бош қўшди. Унга қурилиш лойиҳаси тақдим этилди. Ҳоким ўринбосари ишга бош бўлганидан сўнг қурилиш ишлари тезлашиб кетди. 2016 йилнинг май ойида мақбарага биринчи ғишт қўйилди. Ўтган вақт давомида ўзига хос меъморий ечимга эга мустаҳкам мақбара биноси қурилди. Қишни Машраб бобомиз қабри қор ва ёмғирсиз ўтказди. Ушбу иншоотда қурилиш ишлари ўтган йили тўла якунланмагани боис, шу йил баҳоридан эътиборан бино косметик пардозлаш ва атрофини ободонлаштириш ишлари бошланиш арафасида турибди.
Бу хайрли ишни бошлаган ва давом эттираётган афғон қардошларимизга, Тоҳар вилояти волийси ўринбосарига ўз миннатдорчилигимизни ўзбекистонликлар номидан билдириб қоламиз.
Анвар Икрамов

Биз Twitterда