Санкт-Петербург Губернатори кубогида Исроил Мадримовдан жаҳон бокс юлдузларига мастер-класс!

Фото: Санкт-Петербург Губернатори Георгий Полтавченко Исроил Мадримовга мусобақанинг энг яхши боксчиси совринини топширмоқда
 
8-12 ноябрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида “Динамо” спорт мажмуасида бокс бўйича 6-анъанавий “Санкт-Петербург Губернатори кубоги” турнири бўлиб ўтди. Халқаро бокс календарида энг йирик ва обрўли мусобақалардан бири ҳисобланган бу турнирда, дунёнинг энг бокс ривожланган мамлакатларининг терма жамоалари аъзолари, қитъалар ва жаҳон чемпионлари совриндорлари – жами 100 дан зиёд кучли боксчи иштирок этди.
Энг қувонарлиси, дунё боксида энг кучли айланиб бораётган Ўзбекистонимиз спортчилари бу турнирда ўзларининг рақиблардан бир поғона устунликларини такрор намойиш этдилар.
Санкт-Петербург Губернатори кубогида иштирок этган уч нафар боксчимиз ҳам финалга етиб боришди.
Финал мусобақалари ҳаяжонларга бой бўлди. 60 кгда Шунқор Абдурасулов мезбонлар вакили Руслан Батмановга қарши рингга чиқди ва Ўзбекистон ҳисобига биринчи олтин медални келтирди.
 

75 кгдаги  спортчимиз Исроил Мадримов эса финалда яна бир россиялик Зубер Якубов билан беллашди. Исроил кўрсатган бокс санъати турнир ташкилотчиларида, мухлисларда ҳамда иштирокчиларда ёрқин из қолдирди. Мана сизга бокс маҳорати, мана сизга техника, мана сизга қақшатгич зарбалар... Терма жамоамизнинг иккинчи олтин медали билан бирга Исроил Мадримовга мусобақанинг энг яхши боксчиси соврини топширилди. Боксчимизга бу совринни Санкт-Петербург Губернатори Георгий Полтавченко шахсан топширди.
 

91 кг.да финалда Россиянинг Доғистон Республикаси вакили Магомедмурод Арсланбековга қарши рингга чиққан ёш истеъдодли бокчсимиз Санжар Турсунов эса кумуш медаль билан кифояланиб қолди.
 

Умуман олганда, Ўзбек боксчиларининг Санкт-Петербург турниридаги иштироки яна бир карра юртимиз бокс мактабининг халқаро миқёсдаги устунлигини кўрсатиб берди. 2020 Токио Олимпиадасида беллашувлар "Ўзбекистон ва қолган мамлакатлар" принципи билан ўтиши аниқдай бўлиб бормоқда.

Биз Twitterда