Ўзбекистонда Баптистлар ва "Иегова шоҳидлари"га миссионерликка йўл бермайдиган қонун бу – нотўғри қонун эмиш...

 
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонда бўлиб қайтди.
Ташриф бўйича халқаро матбуотда берилган хорижий тилдаги материаллар таҳлилидан шу кўринадики, бу “юксак эътибор”нинг парда орқасида жуда катта сиёсат ётибди.
Сабаби, жуда кўп материалларда Ўзбекистонга маърузачининг ташрифи ҳақидаги икки оғиз ахборотдан кейин, мамлакатимизда христиан миссионерларининг эркинлиги етарли эмаслиги борасида фикрлар, Баптистлар ва "Иегова шоҳидлари" миссионерликка қийналаётгани юзасидан маълумотлар, АҚШнинг қандайдир “Оупен дорс” нодавлат нотижорат ташкилоти эълон қилган, дунёда христианликни ёйишга имконият кам бўлган 50 та давлат рўйхатидан иборат 2017 World Watch List деб номланган рейтингга иқтибослар келтирилган. Бу рейтингда юртимизга 16-ўрин "тегибди"...
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни 5-моддасида “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар, шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади” деган банд мавжуд. Бу барча динлар ва диний таълимотлар учун айни, бу ерда христиан, мусулмон ёки яҳудий деган бир ажратиш йўқ. Дунёвий давлатнинг асоси ҳам айнан шунда бўлади. Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда бўлиб қайтгач, БМТ радиосига интервью берибди. Умумий дипломатик мулозаматлар билан бирга, у Ўзбекистонда диний саводхонликни ошириш бўйича ишларни кенгайтириш кераклигини қистириб ўтибди. Ўзбекистон қонунлари ҳамда Ўзбекистон Жиноят кодекси халқаро нормаларга мос эмаслигини таъкидлабди...
Умумий жараёндан тушунганим, юқорида келтирилган қонун бандини олиб ташлатишга уринишаётганга ўхшайди ўзини “дунёнинг устуни” деб ҳисоблайдиган мамлакатлар, Баптистлар ва "Иегова шоҳидлари"га марказий телеканалларда жонли тарғибот имкони бериш, уларнинг миссионерлари эркин равишда истаган ғояларини, материалларини истаган кишига ёйишларига шароит яратиб беришни очиқ сўрашга ҳам боришади шекилли бу кетишда...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда