Ўзбекистонда пахтачилик фермерлари пахта экишга мажбур қилинмоқда!

Article
“Эси жойидами бу “Водиймедиа” журналистларининг”, деб ўйлаган бўлишингиз тайин. Биз ҳам худди шундай ўйлаган бўлардик. “Пахтачилик фермери пахта экмасдан, Америкадаги фермерларга ўхшаб, мексикалик ёш болаларни ишлатиб тамаки экармиди!” деб раддия ташлаган бўлардик. Ақл бор, мантиқ бор ахир.
Лекин, бу сарлавҳани “Озодлик”ка қиёсан атайин қўйдикки, бу “эркин хабарчилар”нинг иш тарзи ҳаммага тушунарли бўлсин деб...
Демак бир бошдан: Геосиёсий нуқтаи назардан нафақат Марказий Осиё минтақасининг, балкида Евроосиёнинг энг аҳамиятли ҳудудида жойлашган Ўзбекистонимизнинг мустақил, қудратли, ўз позициясига эга давлат сифатида жаҳон аренасидан жой эгаллаётгани жаҳонга ўзини “устун” билган баъзи кучлар манфаатига зид келиб қолгани сабабли, юртимизни обрўсизлантириш, унинг камчиликларини бўрттириш, ютуқларини салбий бўёққа бўяш борасида катта “ишлар” амалга оширилмоқда.
Камчилик кимда йўқ?! Ривожланиш йўлини тутган ҳар бир мамлакат, жамият ўз камчиликларини ўзи ҳал этган ҳолда, олға интилади, мукаммаллик сари қадам босади. Бировнинг кирхонасини титиш билан эса, ғаламислар машғул бўлади.
“Озодлик” сўзини ўзига ниқоб қилиб олган ахборот ташкилоти ҳам айнан шундай йўлдан борувчилар қаторига киради десак, кўпчиликнинг фикрини ифодалаган бўламиз. Очиғи, сўнгги пайтларда бироз тўхтаб қолишганди “хабар яратиш” борасида. Сабаби, ўзбек маҳаллий матбуоти улар “сенсация” яратмоқчи бўлган масалаларни ўта тезкорлик билан ёритишга, танқидий мақолаларни конвейер усулида бериб боришга бошлади. Ўзбекистондаги маҳалла сайтларига “ссилка” бериб материал беришлари раҳнамоларига ёқмади шекилли, йўналиш яна ўзгарди. Ичига таши ҳеч алоқасиз, баландпарвоз сарлавҳалар билан бўҳтон материаллар, оддий нарсаларни “оламшумуллик” сифати билан салбий тусда бериш бошланди.
“Янгилари”дан мисол келтирайлик: “Наманганлик боғбонлар ипак қурти боқиш учун шартнома тузишга мажбурланмоқда”, “Наманганда мусодара қилинган моллар арзон-гаровга сотиб юборилди”.
Биринчи материални ўқиймиз: “Наманган вилояти Норин туманида боғбонлар баҳорда ипак қурти боқиш учун ҳокимлик билан шартнома қилишга мажбурланмоқда” деган биринчи хатбошидан кейин тўхталасиз. Боғбон дегани ким экан деб қоласиз! Боғбон деганда “боғдорчилик фермер хўжаликлари” назарда тутилганини изоҳи йўқ ҳеч жойда. Бу хўжаликларга боғ яратиш учун катта ер ажратиб берилган, биров улардан “ҳосилинг қани” деб сўрамайди ҳам. Ер солиғини тўлаб қўйса бас, мева-чевани сотиб, тирикчилигини қилиб юраверади. Боғларнинг атрофига, баъзи хўжаликларда эса каттагина майдонларга тут кўчатлари экилган. Фермерларнинг ўзи пилла етиштиришга иштиёқманд. Чунки, мева-чева пишиб, бозорга чиққунга қадар, “иссиқ” пул келадиган жойи шу.
“Озодлик”нинг мақоласида келтирилган Норин тумани Тошлоқ ҚФЙда боғбонлик фаолияти билан шуғулланувчи Орифжон Юлдошев ва Бекмурод Жўраевлар билан бир пиёла чой устида батафсил суҳбатлашдик.
“Озодлик”даги материал таажжубга солди ҳар иккисини ҳам. Орифжон ака Юлдошев тошиб кетди ... “Йигирма йилга бориб қолди боғдорчилик фермер хўжалигини ташкил қилганимга. Бирон марта биров қурт тутасан деб мажбурламаган. Қолаверса, бунақа “хабар”ни ёзган одам қуртнинг нималигини тушунмайдиганга ўхшайди. Ҳозир қурт уруғлари чет элдан келтирилади. Бунинг устига, эски даврдан фарқли равишда, жонлантирган ҳолда беради пиллахона. Шундай экан, бировни мажбурлашни қўя туринг, пилла боқаман деб борсангиз ҳам, шароитингиз етарли бўлмаса, сизнинг пилла боқа олишингизга кўзи етмаса, бермайди.
Энди Сизга тушунтириб берай, қурт боқиш қандай йўлга қўйилади: Пиллахонага мурожаат қиламиз, қурт боқишга шартнома тузишни сўраб. Энг аввало етарли тут борлигини кўрсатиш керак. Шартнома тузилгач, пиллахона бизга аванс беради, сўриларни ясаш учун керакли материаллар билан таъминлайди. Боя айтганимдай, жонлантирилган қурт келтирилгани учун бир ойга бормайди бутун ишимиз. Пиллани йиғиб топширамиз, сифатига кўра пулимизни оламиз. Хоҳишимиз бўлса тутамиз қуртни, йўқса тутмаган йилларимиз ҳам бўлади.
Боғимизнинг атрофига тут экканмиз. Атрофдаги уйларда тут бор деярли ҳамманикида. Сабаби, тут ердаги захни йўқотишда энг зўр восита. Энди, бу тутларни ҳар йили кесиб, каллаклаб турмаса, барги кичрайиб, ёввойилашиб кетади.
Мана, мен қуртни нега боқаман? Биринчидан, қўшимча даромад. Иккинчидан, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй учун бир ойга бўлса ҳам қўшимча иш ўрни. Ўтини қолади, яна бир жиҳат, буни “Озодлик” журналистлари билмаса керак, қуртнинг гўнги ер учун тенги йўқ табиий ўғит, “малҳам” ҳисобланади. Боғимизга соламиз, ҳосилдорлик ортади.
Бизнинг Тошлоқда ўн учта боғдорчилик фермер хўжалиги бор. Маҳалла қўмитасидан, ҳокимиятдан биров келиб “қурт боқасан” дегани йўқ ҳеч биримизга. Қолаверса, менинг боғим шундоққина МФЙ идорасининг ёнида, ҳар куни ўша ердаман, чойлашиб, гурунглашиб ўтираман бўш бўлсам. Бунақа гап бўлса, мен эшитардим биринчи бўлиб.
Ҳокимият билан бизнинг ҳеч алоқамиз ҳам йўқ. Йилда бир-икки умумий йиғилишга чақиришмаса, бошқа пайт ҳокимият билан ҳеч бир шаклда кесишмаймиз.”
Гапга Бекмурод Жўраев қўшилади: “Мен 3,4 гектар ерда боғдорчилик қиламан. Қурт ҳам тутаман, оилага қўшимча даромад. Боғимизнинг ҳам даромади яхши. Яқинда янги “Спарк” олдим. Лимонарий, теплица қилдим. Биз деҳқончилик, боғбончилик билан бандмиз. Бизда биров бировни мажбурлаб бир нима қил демайди. Пул топмоқчи бўлган одам ўзи югуриб, қўшимча даромад манбаларини ахтаради холос.”
Орифжон ака Юлдошев яна қўшимча қилади: “Мен ҳам 2,5 гектар боғимнинг ҳисобидан иккита қизимни контрактда ўқитдим, уйлар қилдим. Табиат инжиқликларига қараб қолмай, об-ҳаво туфайли ҳосилнинг чўғи яхши бўлмаса, қараб ўтирмай деб, қишлоқ марказида гўзаллик салони очяпман. Бу йилги режаларда асаларичиликни ҳам йўлга қўйиш ҳам бор.”
Ҳар икки фермер ҳам “Озодлик”даги материалга бир хил муносабат билдирдилар: “Қуруқ бўҳтон, яхши ҳаётимизни, доруломон кунларимизни кўролмаётганларнинг бизга нисбатан ғараз мақсадда, ҳасад билан ёзган мақоласидан бошқа нарса эмас!”
Норин тумани Наманганнинг энг илғор туманларидан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, шоличилик, боғдорчилик, асаларичилик каби соҳалари билан бир ёнда саноат ҳам сўнгги пайтларда жуда жадал ривожланиб бормоқда. “Норинтекс” текстил корхонасининг маҳсулотлари катта ҳажмда экспорт қилинмоқда. “Norin Mechanical plant” заводида ишлаб чиқарилаётган ўнлаб турдаги замонавий велосипедлар дунёнинг етти бурчагига сотилмоқда, ҳаттоки чет эллик баъзи профессионал спортчилар ҳам расмий мусобақаларда “Norin” маркали велосипед билан иштирок этмоқдалар.
Туман иқтисодиётининг муттасил ўсиши бошқа соҳаларнинг ҳам ривожига олиб келмоқда. “Норин” футбол клуби ўтган йили олий лигага чиқишига бир баҳя қолди, биринчи лигада учинчи ўринни эгаллаб, ўтиш мусобақасида қатнашди. Бу йил эса жамоа олдига олий лигага чиқиш аниқ вазифаси қўйилган... Хуллас, Норин ҳар қанча мақтаса арзигулик туман...
Энди хусусийдан умумийга ўтсак. Пилла қуртини фермер боқмасдан таҳририятда журналист боқадими! Сарлавҳадан важоҳати шундайки, худди “Озодлик” таҳририятини бўшатиб, пилла боқ дейилгандай! Пахта, ғалла, мева-сабзавот, пилла етиштириш фермерникида. Халқнинг ризқини яратаётган, бир маромда ҳалол меҳнат қилаётган Ўзбекистондаги минглаб фермерлар ичидан битта-иккита “коса тагидаги нимкоса”ни яхши англолмайдиганини ушлаб олиб, уларнинг гапидан ўзларига керакли ибораларни танлаб олиб, тескари талқинда бериб юборса, ана сизга ғаразли материал тайёр дегани! “Фермерлар ипак қурти боқишга мажбурланмоқда” эмиш! Ия, “хабарнинг” янгисини эшитмабсизлар шекилли, “Озодлик”даги “ҳамкасабалар”: “Ўзбекистонда пахтачилик фермерларига “мажбурлаб” пахта ҳам эктирилмоқда, чорвачилик фермерлари эса мол боқишга “мажбур қилинмоқда!” Манбани кўрсатганда очиқ “vodiymedia.uz” деб бераверинглар бу хабарларингга, “исмининг сир қолишини сўраган фермер” деб ўтирмасдан!
Иккинчи материалнинг ичини ўқисангиз, энди кулгингиз қистайди. “Наманган шаҳри ва туманларида конфискация қилинган моллар ярмаркаси ўтказилибди. Вилоят Суд департаменти ташаббуси билан ўтказилган ярмаркада давлат ҳисобига мусодара қилинган автотранспорт воситаларидан тортиб қурилиш моллари, барча ёшдаги аёллар ва эркаклар кийимлари ҳамда рўзғор буюмлари арзон нархларда сотувга қўйилибди...” Ё бафармонингдан кетай, конфискация қилинган товарларни нима қилиш керак эди, устига 150% қўшимча нарх қўйиб, бозорга чиқариш керакмиди?!! Ўзларинг чиройли қилиб ёзибсизлар, “...арзон нархларда сотувга қўйилди” деб, сарлавҳадаги “арзон-гаров” нимаси энди? Нима, материаллар ҳеч “ўхшамаяптими”, шу оддий нарсадан “фил” ясашга уринибсизлар! Биз сизнинг нашрингизни “жиддий уйдирмалар яратиш қўлидан келадиган таҳририят” деб биламиз! Мол-мулкни мусодара қилиш ва уни сотиш тизими дунёнинг ҳамма жойида бор, маълумот учун керак бўлса, АҚШда мусодара қилинган товарларни ҳукуматнинг расмий сайти firstgov.gov даги электрон аукционлар орқали сотиб олишингиз мумкин. Лекин vodiymedia.uz ёзмаяпти-ку “АҚШда мусодара қилинган товарларни сотиш билан ҳукумат шуғулланмоқда” деб.
Хуллас калом, “Озодлик” ҳураверади, Ўзбекистонда ҳаёт ўтаверади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда