Шундай қилиб Аҳмад полвон сўйиладиган бўлди...

Бадиий адабиётга меҳр болада асосан оилада уйғонади. Узоқ йиллик меҳнат тажрибамдан аёнки, мактабда муаллим ўқувчисини қанчалик куйиб-ёниб ўқишга даъват этмасин, уйдаги ота-она фарзандига акс таъсир ўтказса – ҳеч қандай натижага эришиб бўлмаслиги аниқ. Чунки, бола кунлик ҳаётининг тўрт-беш соатинигина мактабда, муаллимлари қошида ўтказади. Қолган вақтда ота-онаси ихтиёрида, топшириқлари билан банд ҳолда бўлади.
Тарихдан маълумки, барча буюк зотларнинг болалик хотираларига назар солсангиз, уларнинг ота-оналари, бобо-ю бувилари китобга ва илмга ошно этганларидан хабардормиз. Масалан,  бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон шоир бўлиб танилишида бувиси Комила аянинг эртаклари сабаб бўлганини ўзининг шеърларида баён этади.
Мактаб ўқувчисининг китобга қизиқишини ошириш учун нима қилиш керак? Бу борада ҳамкасбларимиз, кўплаб зиёлилар ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар пайдо бўлмоқда. Кимдир мактабга юкласа, яна кимдир оилага, ота-онага юкламоқда. Лекин ҳар ишда бўлганидек, Фармойиш ижросини таъминлашдан ҳеч бир киши четда қолмаслиги лозим. Шундагина сезиларли натижага эришилади.
Кези келганда яна бир муаммо хусусида тўхталмоқчиман. Шаҳар жойларида бунинг ечими осонроқдир. Аммо қишлоқ марказларида бирорта китоб дўконини учратмайсиз. Катта-кичик тижоратчилар озиқ-овқат ва буюмлар савдоси билан машғулдирлар. Лекин уларнинг ичида биронтаси алоҳида бўлмаса-да, дўконининг бир чеккасига 50 тами, 100 тами янги чиққан китоблардан териб қўйиб, савдо қилишни хаёлига келтирмайди. Бу ҳам кўрган кўзни  қувнатиб, қизиқиш уйғотиши табиий-ку. Сабаби, мактаб кутубхоналаридаги аҳвол бирмунча ғариб, янги нашр этилган асарларни топиб бўлмайди.
Ярим асрлик  педагогик тажрибага эга  муаллим сифатида шуни айтишим мумкинки, китобхонликни ривожлантириш, китобга меҳр уйғотишни катталардан бошлаш керак. Уйида китоб, газета-журнал варақлаб ўтирган ота-онасини кўрган бола – албатта китобга, маърифатга эгилади.
Шахсан мен дарсда ва дарсдан сўнгги тўгарак машғулотларида ўқувчининг ёшига мос  бадиий адабиётлардан қизиқарли парчаларни ўқиб бераман-да, келгуси дарсга ўша китобни топиб ўқиб келишларини топшириқ қиламан. Кейинги машғулотда ўқилган асар, ҳикоя, эртак ҳақида баҳс-мунозара ўтказамиз. Ўрганганлари бўйича якун ясаймиз. Албатта, баҳсда фаол қатнашган ўқувчиларимни рағбатлантираман.
Тажриба шуни кўрсатдики, «Фалон китобни ўқиб келинг», - деган билан ҳамма ўқувчи ҳам ўқимас экан. Бунинг учун мазкур асарнинг энг қизиқарли воқеа жойини, кульминацион нуқтасини топиб олиш аҳамиятлидир. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг «Кўр кўзнинг очилиши» ҳикояси «Шундай қилиб Аҳмад полвон сўйиладиган бўлди» дея бошланади. Ўз-ўзидан ўқувчида қизиқиш кучаяди: Аҳмад полвон ким? Нега у сўйилади?  Оқибатда бола шу ҳикояни тўла ўқиб чиқмагунча тинчимайди. Бунинг учун ота-оналар ҳам фарзандларига имкон ва шароит яратишлари лозим. Кунига бир соат бўлса-да дарс тайёрлашлари, бадиий китоб мутолаа қилишларини назорат этишса, мактабда ўқитувчи талаб ва эътиборни кучайтирса – айтарли натижага эришиш мумкин.
Анасбек ҲАМДАМОВ

Биз Twitterда