Ойбекни қидирсам, Ойбек ва Нигора пайдо бўлади!

Афсуски, интернетда ўзбек адабиёти, умуман, маънавият, илму маърифат тарғиботи кўнгилни хотиржам қиладиган даражада эмас. Қидирув тизимига атоқли адиб “Ойбек” номини ёзиб улгурмасингиздан қўшиқчи жуфтлик суратлари чиқиб келади. Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини излайман десангиз яна бир дуэт шов-шувлари пайдо бўлади. Албатта, бу интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисми – ёшлар қизиқиш ва ҳаваслари ортидаги манзаралар. Янаям кўпчилик ёшлар қизиқаётган бугунги артистлар орасида Беруний, Ибн Сино деган исм ё тахаллус эгалари йўқ...


 

Демак, интернетда маънавият ва маърифат тарғиботини кучайтириш, айниқса, улуғ адибу олимларимиз асарларини мунтазам эълон қилиб бориш, майдонни шов-шувчи-шовқинчилар, диний, ирқий ва сиёсий низо қўзғамоқчи бўлаётган ғаламисларга бўшатиб қўймаслик керак. Бу борада Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг виртуал кутубхонаси, Давронбек Тожиалиев юритаётган маърифий портал (ziyouz.com) ва бошқа сайтлар маъмурлари анча яхши ишлар қилиб улгурган бўлса-да, ҳали денгиздан томчидек гап. Қолаверса, бундай сайт юритишдан ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқлигини ҳисобга олсак, муаллиф-админга қанчалар оғир эканини тасаввур қилиш мумкин. Шу ўринда бизда диний мавзудаги сайтлар анча фаол ва ўқувчилари кўп эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Албатта, бу қувонарли ҳол.
Умуман олганда, шахсан мен интернетда ўзбек адабиёти тарғиботидан қониқмайман. Ҳамма қўлга илинганини эълон қилиб ётибди. Тизимли тарзда, маълум бир мезон асосида саралаб берадиган сайтлар жуда кам. Айниқса, классик асарлар аслиятдан бутунлай узоқ кўринишда ёки ғиж-ғиж хато билан берилади. Айб – ўзимизда. Маънавият тарғиботида бир-биримизни қўллаб-қувватламаймиз, аксинча, уҳ, бу ҳам рекламага ўтибди-да, қабилида ўзимизча энса қотирамиз. Жуда кўп адибларимиз эса интернетдан умуман бехабар...
Гарчи шахсий веб-саҳифа бўлса-да, ўзим юритаётган сайт – http://behzodfazliddin.uz/ да имкон қадар керакли асарларни бериб боришга ҳаракат қиляпман. (Лекин сайт ишлари масаласида ҳозирча ҳаваскорлар қаторида эканимни ҳам айтиб ўтай.) Қўлимда сайтда эълон қилиш учун тишимнинг ковагида асраб келаётганим қанча яхши материал бор: ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан тортиб ижтимоий-маънавий ҳаёт, илм-фан ва маданият соҳасига доир мақолаю суҳбатлар, мулоҳазалар... Лекин уларнинг ўндан бирини ҳам тармоққа жойлаб улгурмадим ҳали. Ҳаммасини бирма-бир синчиклаб кўриб чиқиш, аслият билан солиштириш, имкон қадар кўпчиликка нафи тегадиган асарларни бериш керак. Кўпинча бирор матн ёки жумла, ҳатто бир сўз устида узоқ вақт ўтиришга тўғри келади. Янаям сайтимизда шаклга эмас, мазмунга асосий эътибор қаратилади. Аммо шунча вақт, меҳнат маҳсулини биров тузукроқ ўқийдими-йўқми. Интернет ҳам бундай пухталикни кўпам хушлайвермайдиган кўринади. Одамларга эса тезкор информация, миш-миш, ваҳима, сенсация керак. Ҳамма осонига ўрганган. Керак бўлса, Навоийни ҳам битта гап билан тушунтириб қўя қолишса... Шу томондан қараганда, виртуал олам фикрловчиларнинг жойига ўхшамайди.
Кўп ўйлайман: “Тўғри қиляпманми ўзи? Шунча кучни бошқа ишга сарфлаган маъқул эмасми?” Билмадим, ортиқча чиранаётганга ўхшасам ҳам, ҳозирча глобал тармоқдаги ишимдан ўзим озми-кўпми завқ туйяпман. Кимларгадир таъсири, фойдаси бўлаётир, дея умидланаман. Қолгани – Ўзидан.

Беҳзод Фазлиддин

Биз Twitterда