Нега ҳануз ҳар учинчи жумламиз "мустақиллик ё истиқлол" деб бошланади?

Article
Шу пайтгача Олий Мажлис сессиялари ёки ҳукумат миқёсида ўтказилган ҳар қандай йиғилишлар ТВда бошланиши билан канални алмаштирардик. Эндиликда бундай йиғилишларни кутадиган бўлиб қолдик. Бугун обунамиз йўқ деб юрган газета-журналлар бундан хулоса чиқарса бўлади. ТВдами, газета ё журналдами одамлар ЎЗИни кўрсагина қизиқиш уйғонади. Халққа шунчаки ҳаводан озиқланган баландпарвоз гаплар эмас, реал ҳаётнинг акси керак! Бизнинг матбуот сўнгги 15 йилликда шаблонга айланиб қолди. Назаримда, бугунги матбуотнинг луғатидан айрим сўзларни бутунлай олиб ташлаш лозим. Нега ҳануз ҳар учинчи жумламиз "мустақиллик ё истиқлол" деб бошланади? Ахир чорак асрдан ошди мустақил бўлганимизга! Энди етар! Ўзини мустақил яшашга ҳақлиман деган одам, "мен мустақилман" деймайди. Яна... қайси соҳадан гап бошласак, айтаётган масаламиз "давлат сиёсати даражасига кўтарилган" бўлиб чиқади, Нима дегани бу? Спорт ҳам, ёшлар ҳам, таълим ҳам... ҳаммаси бир хил... "давлат сиёсати даражасига кўтарилган"! Энди бунисини қаранг, "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!" Ким бизга камсан деди? Ким айта олади бу гапни?! Қайси соҳанинг замирига боқсанг, илк ғиштни улуғларимиздан бири қўйган чиқади ахир. Демоқчиманки, ҳамма нарса ўзгаришга юз тутаётган кунларда, матбуотимиз тилини ҳам, руҳиятини ҳам биииир кўриб чиқсак, яхши бўлармиди, дейман-да.
Алишер Назар
 

Биз Twitterда