"Фуқаро" дегани "фақирлар" дегани... Балки "ватандош" дейиш тўғридир?

Photo: http://www.norma.uz
 
Ўзбекистон Республикаси фуқароси....Албатта, бу ерда “фуқаро” сўзи қандай маъно билан келтирилганини барчамиз руҳан ҳис этамиз. Бироқ, сўзнинг асл маъносига, этимологик келиб чиқишига қарайдиган бўлсак, “фуқаро” сўзи арабча فُقَرَاء сўз бўлиб, “фақир” فَقِير сўзининг кўплик шаклидир.
Энди “фақир” нима эканини ҳаммамиз яхши биламиз. “Камбағал, бева-бечора, қашшоқ” маъноларини беради бу сўз. 
Халқ учун “фуқаро” сўзини ишлатиш хонлик, султонликлар даврида урфга кирган бўлиб, халққа қаратилган ҳукмдор мурожаатлари “Эй, фуқаро” деб бошланган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида тилимизга мажбурий-ихтиёрий равишда киритилган русча сўз ва атамаларни чиқариш ёки алмаштириш масаласи жуда фаол равишда кўтарилганди. Лекин бу ҳаракат муваффақиятсиз чиқди. Чунки кунлик муомалада ишлатилган русча сўзларнинг ўрнига, русча бўлмасинда, бошқа нима бўлса бўлсин қабилида арабча, форсча сўзлар берила бошлади. Газетани рўзнома, самолётни тайёра, университетни дорулфунун деб атай бошладик. Бу қулоққа бироз табиийроқ эшитилганларига мисолдир. Баъзан эса нотаниш сўзларнинг кўплигидан кунда газеталарни ўқиб тушунишга қийналган пайтларимиз бўларди. Русчадан кириб келган сўзларни бутунлай чиқариб ташлашни ҳар бир қалам тебратган шахс ўз бурчи деб биларди ҳудди. “Фуқаро” сўзи ҳам шундай “тақдир”га эга десак хато бўлмайди...
Маълум бир вақт ўтгач, ҳамма бу фаолиятнинг кераксиз эканлигини тушуниб етди. Чунки тилимиздан чиқариб ташланиши лозим деб ҳисобланган сўзларнинг ўзбек тилида эквиваленти бўлмагани учун уларни фақатгина бошқа бир тилдаги вариантигагина алмаштириш мумкинлиги, бундан ташқари жуда кўп сўзлар русчадан кирган, лекин байналминал сўзлар бўлгани учун уларни умуман алмаштиришнинг имкони йўқ эканлиги яққол кўзга ташланиб қолди. Шу туфайли яна аввал ишлатилган сўзларнинг кўпи яна нутқимизга қайтди.
Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда "фуқаро" сўзи ўрнига унинг турк тилида қўлланиб келинаётган эквиваленти “ватандош” сўзини ишлатса балки мақсадга мувофиқ бўлар. Лекин бу фикр холос, ўзининг сўз бойлиги билан машҳур ўзбек тилимизда "фуқаро" ўрнига ишлатса бўладиган сўзни тилшунос олимларимиз албатта топишлари тайин...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда