"Барча интернет-нашрлар НАЭСМИга мажбурий аъзо бўлади" деган уйдирмадан ким манфаатдор?

 
Uzmetronom сайтининг ўз «ишончлик манбалари»га асосланиб берган “хабар”идан илҳом олиб, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси .UZ территориясидаги нашрларни ўз назоратига олаётгани ҳақидаги материаллар кун сайин ғаламис кайфиятдаги интернет нашрларда урчимоқда. Бу борадаги бундай уйдирма материаллар кимнинг фойдасига хизмат қилади деб ўйланиб қолдик. Чунки, биз ҳам Vodiymedia.uz сифатида .UZ территориясидаги электрон оммавий ахборот воситаси ҳисобланамиз. Лекин, бизга ҳали ҳеч ким бундай масалада мурожаат қилгани ҳам йўқ, бизнинг ҳам бундай ассоциацияга аъзо бўлиш ниятимиз ҳеч йўқ. Чунки ўз аравамизни ўзимиз тортишни ният қилганмиз. Қисқа давр ичида 20 дан ортиқ жаҳон оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик борасида келишувга эришдик, халқаро миқёсда Ўзбекистон эришаётган ютуқларни янада кенг ёритиш учун имкониятларга эга бўлдик. 
Аслини олиб қараганда, НАЭСМИга ким аъзо бўлади? НАЭСМИ билан ўзаро манфаати бор оммавий ахборот воситалари. Агар кимдир ўз ихтиёри билан бу ассоциация аъзоси бўлаётган бўлса, бу ихтиёрий танлов бўлади холос. НАЭСМИга аъзо ОАВларнинг барчаси бу уюшмага мажбурий киритилган деган фикрни оммалаштириш эса, мустақил ўзбек интернет журналистикасини “давлат буюртмаси билан ишловчи техник сайтлар” деган “сифат” билан сийлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Яъни, “НАЭСМИ аъзоси электрон нашр мустақил фикр бермайди, уни ўқиманг” деган фикр сингдирилишга уринилмоқда.
Аслида эса ҳолат бутунлай бошқача, Ассоциация атрофига яқинлашиб, унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз нашрини ривожлантиришга интилган электрон оммавий ахборот воситалари, ёки бўлмаса, ўз техник ва ижодий имкониятларини тўғри баҳолаб, бошқа сайтлар билан ҳамкорликдагина иш юритиб янги марраларни эгаллашни кўзлаган нашрлар НАЭСМИ аъзоси бўлмоқдалар. Ишончимиз комилки, ҳар истаганни ҳам НАЭСМИ пояндоз билан кутиб тургани йўқ.
Шундай экан, бетайин иғво билан Ўзбек матбуотига, энди ривожланиб келаётган Ўзбек интернет-журналистикасига тош отишнинг бир маъниси йўқ. “UZ домени асосида фаолият юритаëтган нашрлар назорати Фирдавс Абдухолиқовга топширилган. Бу нашрлар ихтиëрий-мажбурий форматда НАЭСМИга аъзо қилинмоқда” деган гап Конституция билан эркинлиги белгилаб берилган Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг машаққатли меҳнатини йўққа чиқаришга қаратилган мақсадли иғво ҳаракати холос.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда