Ғазнаи Намангоним

Истеъдодли шоир, жўшқин публицист, фаол жамоатчи Зиёвиддин Мансур, ҳеч истисносиз, ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг энг етук, кўзга кўринган забардаст намояндаларидан биридир. Унинг турли йилларда нашр этилган йигирмага яқин китоби, ўндан зиёд мағзи тўқ достонлари, таниқли ҳофизларимиз томонидан маромига етказиб куйланаётган юзлаб шеърлари ҳамда адабиётимизнинг Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Ҳусниддин Шарипов, Абдуғафур Расулов, Ҳамиджон Ҳомидий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Охунжон Ҳаким, Йўлдош Сулаймон, Тўлан Низом,  Ҳабиб Саъдулла, Урфон Отажон, Акмал Саидов сингари етук намояндалари томонидан у ҳақда ёзилган мақолалар ва турли давраларда айтилган фикрлар юқоридаги даъволаримизга етарлича асос бўлади.
 
 
Унинг қаламига мансуб “Буюклик ҳақида”, “Яхшиларга ёндошиб”, “Эл ичра назар топдим”, “Онажон, сен айтмасанг алла”, “Онагинам, онажонгинам”, “Жон дадам, жоним дадам”, ”Истиқлол меъмори”, “Ўзбекистон бу”, ”Қуёш ҳайқириқлари” сингари шеър, ғазал, қасида ва достонлар ҳозирги шеъриятимизнинг истиқбол уфқларини кўрсатувчи асарлар сирасидан эканлиги бизга ва ижод оламига яхши маълум.
Шоир ижодининг ўзига хос жиҳатлари  ҳақида гапирганда, унинг асарлари наинки кундалик турмушимиздаги оддий воқеа-ҳодисалар, балки кенг маънодаги ижтимоий сиёсий жараёнлар ҳақида кенг ва атрофлича тасаввур уйғотиши билан алоҳида аҳамият ва эътиборга молик эканини эътибордан қочирмаслик керак. Худди шунингдек, унинг ижодидаги халқчиллик, айни пайтда умумбашарийлик, халқ оғзаки ижодидан баҳраворлик масалалари, айниқса, ривоят ва ҳикоятларга бойлик адабиёт-шунослигимизда ўрганилиши, тадқиқ этилиши, оммалаштирилиши жоиз бўлган жиҳатлардан эканлиги билан диққатга сазовардир. У вилоятимиз ижодкорлари орасида достончилик ва ривоятнавислик ҳамда жамиятимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга ўз вақтида жавоб бериш, яъни импровизация  борасида энг пешқадам, ҳозиржавоб шоирларимиздан.
Шуниси қувонарлики, унинг ижоди нафақат вилоят ёки мамлакат миқёсида, балки рус, инглиз, немис, француз, ҳинд, урду, қорақалпоқ сингари ўнлаб тилларга таржима қилингани билан халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга моликдир. Шунингдек, унинг “Жон дадам, жоним дадам” номли қўшиғи қарийб эллик йилдан буён худди бугун яратилган янги асар сингари янграб турганлиги, ҳатто АҚШда истиқомат қилаётган ўзбек муҳожирларининг катта анжуманида таниқли ҳофиз Аврам Толмасов томонидан ижро этилиб, бутун давра аҳли олқишлагани, бу эпизод ижтимоий тармоқларда кенг тарқаб, кўпчиликнинг эътиборини тортгани  ҳам шоир ижоди ҳамда муҳлислари кўламининг нақадар кенг эканлигига  яққол далилдир.
Зиёвиддин МАНСУР фаол жамоат арбоби сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, халқ фаровонлиги борасида сидқидил хизмат қилган бўлса, жўшқин публицист сифатида қатор публицистик мақолалари билан мамлакатимиз матбуоти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилган китобларда фаол иштирок этган. Унинг қаламига мансуб ,”Гул ҳиди омухта олма ҳидига”, ”Одамийлик дорилфунуни”, “Нур сояда қолмайди”, Қадри тикнинг қадди тик”, “Европа инқироз исканжасида”, “Бизга дунё ҳавас қилмоқда”, “Оиланинг мустаҳкамлиги-юртнинг буюклиги, муҳташамлиги”, “Қутлуғ ташриф самаралари”,  “Қалбига Қуёшни жо қилган шоир”,“Саҳоват-бойликнинг хамиртуруши” сингари долзарб мавзулардаги қалб қўри, кўз нури ва тафаккур шуури билан битилган мақолалар шулар жумласидандир.
Зиёвиддин Мансурнинг узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда Республика Маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлимларини, шунингдек, вилоят Матбуот  ва ахборот бошқармасини юксак салоҳият билан бошқаргани ҳам унинг ўзига хос ташкилотчи эканига ишончли асос бўла  олади.
Таниқли адабиётшунос олим, “Буюк Хизматлари учун” ордени соҳиби, Академик Азиз Қаюмов уни “...воқеъликни рассом каби кўз олдингизга келтириб қўядиган мусаввир шоир”,- дея таърифлагани, Академик  Наим Каримов ҳақли равишда уни Наманган булбулига қиёслагани, Ўзбекистон Республикаси Фан Арбоби  Абдуғафур Расулов уни мустақиллик йилларида янги жанр сифатида шаклланаётган фахрия жанрининг асосчиларидан бири сифатида тан олгани, яна бир етук Давлат ва жамоат арбоби, Академик Акмал Саидов унинг “Истиқбол йўли” достонини “Сиёсий лириканинг бетакрор намунаси”,-дея эътироф этгани, адабиётшунос Урфон Отажон “Наманган Цицерони”,-дея таъкидлаганидан келиб чиқиб,  Зиёвиддин Мансур бугунги адабий жараённинг фаол тадқиқотчилари эътирофига сазовар бўлган захматкаш намояндаларидан бири,- деган хулосага келиш мумкин. Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мустақиллигимиз байрами куни шарафига эълон қилинган “Ватан учун яшайлик” номли танловда “Қуёш ҳайқириқлари” номли сайланмаси рағбатлантирувчи мукофотга сазовар бўлгани ҳам  унинг ижодини мамлакат миқёсдаги эътирофидан далолатдир.
Юрак тирик жон учун ҳамиша керак бўлганидек, бутун ҳатти ҳаракатлари кони самара бўлган, эл-юрт манфаати йўлида тинимсиз ҳаракатда бўлган захматкаш ва фидойи ижодкор Зиёвиддин Мансур айни пайтларда нафақада бўлишига қарамай ҳали матбуотда, ҳали телевидениеда, ҳали жамоатчилик орасида ўз салобати ва салобатига яраша саодати билан тез-тез керак бўлиб, бўй бериб туради, энг муҳими, уни деярли ҳамма давралар хушлаб қабул қилади, чиқишларини қарсаклар билан олқишлайди. Айниқса, унинг янги ташкил этилган оила ва маҳаллани қўллаб-қувватловчи  бошқарма мутасаддилари сафида вилоятимиз фаоллари орасида юриши, бунинг устига бизнинг олийгоҳда “Нотиқлик санъати” фанидан ёшларга сабоқ бераётгани бамисоли олтин узукка ёқут кўз қўйилгандай ярашиқлидир.
Адабиётимизда азалдан мураккаб вазиятлар бироз таҳликали бўлиши билан бир қаторда, ҳамиша янги тўлқинларга, бунёдкорона юксалишларга омил бўлиб хизмат қилгани ҳам тарихдан яхши маълум. Бунга  А. Навоийнинг “Ҳилолия қасидаси”, А. С. Пушкиннинг  “Боғчасарой фонтани”, Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар”, Расул Гамзатовнинг “Менинг Доғистоним”, Эркин Воҳидовнинг “Палаткада ёзилган достон” каби энг характерли асарлари ҳаётда, ижтимоий турмушда рўй берган маълум воқеа-ҳодиса, фавқулодда вазиятлар ҳосиласи сифатида дунёга келгани яққол мисол бўла олади. Биз бу билан шоир ижодини ўша довруқдор сиймолар ижодига тенглаш, ҳайбаракаллачилик қилиш фикридан йироқмиз, аммо манзур нарсани манзур эканини эътироф этмаслик ҳам инсоф ва адолатдан эмаслигини ўрни келганда айтмай ҳам туролмаймиз. Чунки яхшиликнинг мукофоти яхшилик бўлсагина у қадр топади, эъзозга эришади, кенг оммалашади.
Шу маънода Зиёвиддин Мансур қаламидан пандемия шароитида тўкилган дурдона асарлар  ана шу хатарли эпидемиянинг карантин аталмиш ижобий тенденциясининг ҳосиласи сифатида туғилганлиги ҳам шоирнинг ҳар бир ҳодиса қатидан ҳикмат излашидан, ҳар ёмонни ҳам яхшиликка йўйишидан  далолат,-десак айни ҳаққатни эътироф этган бўламиз. Зеро, доно халқимизда “Иллат излаганга иллатдир дунё, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”,-дейилгани замиридаги ҳикмат излашдай эзгу ғоя шоиримизга илҳом ва иштиёқ бахш этган бўлса ажаб эмас. Шу боисдан бўлса керакки, шоир айнан шу қисқа муддат оралиғида 3 та достон, 100 дан зиёд рубоий, 50 га яқин ғазал ва қасидалар ёзиб, бир туркум ижод намуналарини яратибди. Биз уларнинг айримлари билан онлайн тарзида танишиб, шоиримизнинг айни етуклик палласида эканига яна бир карра шоҳид бўлдик.
Ўйлаймизки, биз  қуйида номлари зикр этилган илм аҳли вакилларига манзур бўлган бу асарлар, айниқса, ундаги Муҳтарам Президентимиз таклифлари асосида Наманганимизда яратилган номи ўзи билан оҳанрабодай ўзига тортувчи “Афсонлар водийси” тўғрисидаги шу номли ғоятда мароқли, афсонавий боғ ҳақида баравж асар ва китобга кирган жаннатмакон Наманганимизнинг кенг бадиий манзараларини атрофлича бўй-басти билан кўрсатиб берган шеър, мақола, қасидалар сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, муҳтарам шеърият ва айнан Зиёвиддин Мансур ижодининг қадрли муҳлислари!
Шу ўринда алоҳида таъкидлаймизки, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан эълон қилинган “Дунёга бўйлаган Наманган”танловида ҳам "Ғазнаи Намангоним" номли мазкур китоб Наманганимиз довруғини достон қиладиган манзур асар тарзида муносиб ва ҳалол баҳосига мушарраф бўлиши, иймон-диёнатли ҳакамлар ҳайъати ва жамоатчилик томонидан эътироф этилиши табиий.
 
Эҳтиром билан:
Қодиржон Носиров, Шавкат Абдуллаев,
Саидумар Сайдалиев, Носиржон Улуқов,
НамДУ профессорлари.

Биз Twitterда