АҚШ ва Европа чизиғидан юрмаган давлатлар – "инсон ҳуқуқлари поймолчилари"!

 
Бугунги дунёда инсон ҳуқуқлари мавзуси ўта долзарбликка бурканди. Энг қизиғи, башариятнинг ҳуқуқлари ҳимоясига АҚШ ва Европа ўзини масъул қилиб белгилаб олгани. Дунёнинг тўрт тарафида ўз ҳомийликларида “нодавлат нотижорат ташкилот” ниқобидаги ялақахўр бирликларни ташкил этиб, улар орқали ўз манфаатлари учун қилаётган фитналарини “инсонийлик” номи билан хаспўшлашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари мавзуси бугун бошқа давлатларга сиёсий босим ўтказишнинг асосий қуролига айланди. АҚШ ва Европа чизиғидан юрмаган, мустақил ташқи сиёсат олиб борган давлатлар бу масалада танқид объектига айланишган.
Хитой, Лотин Америкаси кўпчилик мамлакатлари, Филиппин, Бангладеш, Россия, собиқ иттифоқнинг АҚШ ноғорасига ўйнашни хоҳламаган барча давлатлари – мана сизга “танқид қилишга арзигулик” инсон ҳуқуқлари “поймолчилари”!
АҚШда тамаки плантацияларида юз минглаб болалар заҳарли муҳитда меҳнат қилишга мажбурланаётгани бу – “болалар оғир меҳнатга жалб қилиш эмас!” Ўзбекистонда болалар меҳнати фойдаланишга барҳам берилганига кўп бўлди. Лекин шунда ҳам, пахта йиғим-терими давомида иккита мактаб ўқувчисининг пахта даласи атрофида ўтиб қолгани бу – “болалар оғир меҳнатга жалб қилиш!”
Ҳар йили Америка Қўшма Штатларида юз минг бола (!!!!) жинсий қулликка жалб этилаётгани, мактабларда ўқитувчилар ёш ўқувчиларни йўлдан уриб жинсий яқинлик қилаётгани бу – “инсон ҳуқуқи бузилиши эмас!”
Ўзбекистонда бесоқолбозлик қилгани учун жиноий жазо бериш бу – “инсон ҳуқуқи бузилиши!”. Сабаби, “инсонга ҳар икки жинс билан яқинлик қилиб кўриш, маъқул бўлганини танлаш унинг табиий ҳуқуқи эканини” тарғиб қилинмаяпти бизнинг “инсон ҳуқуқлари поймол” бўлаётган мамлакатимизда.
Энг қизиғи, диний эркинлик бўйича “танқидлари”: “Ўзбекистонда мусулмонлар диний ибодатларини меъёрлардан ошириб юборишлари мумкин эмас экан!” Яъни, намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш эркинлиги бу диний эркинлик эмас эмиш, инсон дин ичида ўзига хос оқимлар ўйлаб топиб, буни тарғиб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак эмиш... Ё, қудратингдан! Ҳақ Таолонинг битта дини, битта китоби бор, белгилаган фарзи, Расули қолдирган суннати бор. “Буларни амалга ошириш учун тўла эркинлик мавжудлиги етарли эмас, истаган ваҳҳобийлик тарғиб этсин, истаган нурчилик, йўқса биз сизнинг давлатни дин воситасида қўлга олишни эплолмаймиз” деган гапни очиқ айтолмайдиган АҚШ ва Европа қайси йўл билан мақсадига эришмоқчилигига қаранг!
Қолаверса, Ўзбекистонда бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар, шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилиши, дунёнинг ҳар бурчагида миссионерлар АҚШ томонидан ажратилган катта маблағни сарфлаб инсонларни имондан чиқаришга уринишларига қолган кўпчилик мамлакатларнинг қонунлари йўл бериши-ю, Ўзбекистоннинг бунга қаршилик қилиши ҳам – диний эркинлик ҳуқуқининг бузилиши сифатида талқинда! 
Хуллас, бу инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича рейтинг тузувчи янги халқаро нодавлат нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ниятидамиз. Йиллик ҳисоботлар бериб борамиз: Дунёнинг шайтонийлик тарғиботи энг авж олган мамлакатлари, кўчалари уйсиз инсонлар билан тўлган мамлакатлар, фаҳшбозлик индекси, бошқа мамлакатларнинг давлат тузумини ағдаришга уринаётган мамлакатлар ўнлиги, оила қадриятини унутган ўлкалар, ўз манфаати йўлида минглаб инсонларнинг ҳаётини бир чақага ҳам олмайдиган давлатлар, ирқчилик тараққий этган давлатлар, “рангли инқилоблар” экспортерлари, каби. Рейтингларимизнинг доимий биринчи поғонасини бир мамлакат эгаллаб туришига ишончимиз комил. Ҳа топдингиз....
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда