Қайга борсанг боравер, овора бўласан дегувчилар анча тийилиб қолишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги “Халқ қабулхонаси”га рўйҳатдан ўтиб, кутиш залига  кирарканмиз,  бу ердаги тартиб ва хизматчиларнинг  муомаласиданоқ кўнглимиз ёришди. Чунки ҳар қандай инсон қўрс ва қўпол муносабатни ҳеч қачон ёқламайди. Каттами, кичикми, қайси бир масалада бўлмасин боши қотган кишига энг аввало оддий инсоний муомала керак.
 
 
Саломлашиб, навбат кутаётганларга разм соламан.
-Ташвиш қилманг, ўғлим, хизматчи йигитларнинг айтишича, бу ерда кўп кутилмас экан. Нима масалада келганлигингизга қараб мутахассисларнинг ўзлари чақиришади. Мен қабулхона мудирига шахсан учрашиб миннатдорлигимни билдириб қўяй, деб ўтирибман.
 Кўринишидан 80 ёшни қоралаб қўйган отахон ёнидан жой кўрсатаркан, мамнуният билан қўшиб қўйди.
-Президентимиз омон бўлсин. Қанчадан қанча сарсонгарчиликларга чек қўйиляпти. Бу “Халқ қабулхонаси” деганлари айрим раҳбарларнинг корчалонлик ва  тўрачилик кайфиятига барҳам берадиган бўлди. Қайга борсанг боравер, овора бўласан, дегувчилар анча тийилиб ҳам қолишди. Чунки энди халқнинг борадиган жойи, адолатни қарор топтирадиган ишончли кишиси бор.
Кутиш залидаги жиҳозлар, турли масалалар бўйича ҳуқуқий варақалар, ариза ёзиш учун намуналар, ёзув анжомлари  барида осуда бир тартиб мужассам.
 
 
Дарҳақиқат, амалдаги йилимизнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани жамиятимизни янада демократлаштириш ва  бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг муҳим тамойилларини белгилаб берди.
 Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори асосида жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилгани бу борадаги ислоҳотларга самарали тус бермоқда.
Наманган шаҳри, 3-кичик туман, Қўқумбой кўчаси, 7-уй. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги “Халқ қабулхонаси” жойлашган манзил. Қарийиб уч ойдирки, бу бино эртадан кечгача гавжум.
Олинган маълумотга кўра, шу кунгача 400 га яқин  жисмоний ва юридик шахснинг ёзма мурожаатлари рўйхатга олинган. Мурожатларнинг 30 таси ўз ўрнида ҳал этилиб, тегишли тартибда назоратдан чиқарилган. 300 дан зиёд фуқарога мурожаат қилиш тартиблари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилган.
Эътиборли яна бир жиҳати шуки, вилоят марказидаги мазкур муассаса шаҳар ва туманларда жойлашган яна  13 та “Хал қ қабулхонаси” фаолиятига амалий-услубий кўмаклашиш, мурожаатларни назорат ва таҳлил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш ишларининг тўғри ташкилланишига  ҳам масъул.
–Қабулхона мурожаатлар асосида одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш билан бирга уларнинг ҳуқуқий билимларини ўстирувчи, шу билан бирга қонунлар билан белгиланган ҳуқуқ ва бурчларидан фойдаланиш кўникмаларини, яъни ҳуқуқий маданиятини юксалтирувчи ўзига хос мактаб  вазифасини ўтаяпти, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Собитхон Турғунов.
 
 
-Олиб борилаётган ўзаро мулоқотлар, тушунтиришлар нафақат фуқароларнинг айни вақтда мутасадди раҳбарлар масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилаяпти. Бундан ташқари Халқ қабулхонасига Давлатимиз раҳбари ва ҳукумати қарор ва фармонларининг жойлардаги ижросини ўрганиш ваколати ҳам берилганки, бу жамоатчилик назорати тамойилини шаклланишига муҳим омил  бўлмоқда.
Аксарият мурожаат этувчилар уй-жой, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, пенсия ва нафақа таъминоти, тиббий хизмат каби ижтимоий соҳаларга тааллуқли масалалар билан келишсада, ички ишлар идораларининг тергов-суриштирув ишлари натижасидан норозилар ҳам кам эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларда келтирилган ҳолатларнинг салмоқли қисми мутасаддиларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги ёки масъулиятсизлиги оқибатида юзага келган, яъни ўз жойида ва ўз вақтида барҳам бериш мумкин бўлган муаммолардан иборат.
Наманган шаҳридан ишга жойлаштириш масаласида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза билан мурожаат этган фуқаро М.Камалова, 57-сонли мактабгача таълим муассасасидан асоссиз ишдан бўшатилган Р. Саиднўъмоноваларнинг мурожаатлари вилоят Халқ қабулхонаси томонидан ўрганилиб, мурожаат қилинган куннинг ўзида бири ишга жойлаштирилди ва иккинчисини аввалги иш жойига тикланиши таъминланди. 
Фуқаро М.Абдуллаеванинг жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси қабули масаласидаги мурожаати белгиланган қонуний тартибларга мувофиқ ўрганилиб, унинг талаби бўйича Халқ қабулхонасида суд раиси А.Раҳмонов қабули ташкил этилди.   
– Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат этишим билан ярим йилдан бери поймол қилиб келинаётган ҳақ-ҳуқуқим бир кунда ўз ўрнига қўйилди, – дейди  Т.Исамитдинова. – Бу менинг давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатга ишонч ва ихлосимни оширди. Катта-кичик барча раҳбарлардан  халқ дарди билан яшаш, ишлашни талаб қилаётган Президентимиздан ғоятда миннатдорман.
– Ногиронлар аравачасига эҳтиёжим борлиги ҳақида Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим,  – дейди Уйчи туманида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Т.Ўразалиев. – Шифохонада даволаниб ётган еримга менга Президентимизнинг совғаси сифатида ногиронлар аравачасини топшириб кетишди. Халқни рози қилишни ўзига шиор қилиб олган, нуронийлар, ногиронлар каби меҳр-эътиборталаб инсонларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва меҳнатларининг роҳатини кўриб юришини тилайман.
Халқ қабулхоналарининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат, маҳалий давлат ҳокимияти органларига ҳамда бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитларни яратишдан иборат эканлиги кенг тарғиб қилинмоқда. Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари манзили, телефон рақамлари ҳамда фаолиятига доир бошқа  маълумотлар акс эттирилган тарқатма материаллар хонадонларга етказилмоқда.
Давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий  этиш мақсадида  яратилган бу тизим халқ билан мулоқот имкониятларини янада кенгайтиришда фуқаролар учун қулайликлар тақдим этди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Хотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Биз Twitterда