Жангарилардан тозаланган Ҳалабда машҳур кўча бозори ишга тушди!

Суриядаги қирғин-барот жанглар туфайли икки йилдан бери фаолият кўрсатмаётган машҳур Ҳалаб кўча бозори ишга тушди. Шаҳар жангарилардан тозаланганидан сўнг савдогарлар ўзларининг севимли масканларини обод қилишга киришдилар. Кўчалар гавжумлаша бошлади. Бу албатта узоқ кутилган тинчликнинг неъматидир.
Бир вақтлар Ҳалабнинг кўчаларига одам сиғмасди. Бутун Сурия ва Яқин Шарқ давлатларидан келганлар Ал Тол савдо даҳаси кўчаларидан албатта бирор нарса ҳарид қилиб кетишга ўрганишганди. Икки йил бурун ушбу обод жойлар “Ишид” ва “Жабҳат ан Нусра” террорчилик ташкилотларининг нишонига айланди. Жангарилар Ҳалабни эгаллашди. Бозорларни вайрон этишди. Миллионлаб инсонлар тинчини буздилар.
Тинчлик шамоли яна Сурияни обод қила бошлади. Савдо даҳаси кўчаларига савдогарлар ўз маҳсулотларини ёйиб, расталарини оча бошладилар. Баъзилар дўконларини таъмирлашмоқда, кимдир эса электр  симларини тортиб келиш билан банд. Бу ҳудудда катта миқёсда қайта қуриш ишлари кетмоқда.
Сурияда қуролли можаролар  2011 йилдан бери давом этиб келмоқда. Ҳукумат аскарлари турли қуролли гуруҳлар жангариларига қарши турмоқда. 2015 йилнинг 30 сентябридан эътиборан Сурия президенти Башар Асаднинг  илтимосига кўра Россия жангарилар нуқталарига ҳаводан авиазарбалар бера бошлади. Россия ҳаво-коинот кучлари, денгиз флоти томонидан амалга оширилган операциялар террорчилар билан курашда туб бурилиш ясагани сир эмас. Ана шу ҳаракатлар натижасида, 2016 йилнинг 22 декабрида ҳукумат ҳарбийлари Ҳалабни жангарилардан тозалаб, шаҳарни ўз назоратларига олишганди. 

Биз Twitterда