Қозоғистон ҳам лотин графикасига асосланган алифбога ўтмоқда. Назарбоев ҳукуматга бу борада махсус топшириқ берди

Қозоғистон  президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат ҳукуматига қозоқ алифбосини лотин графикаси ўтказиш борасида дастур ишлаб чиқишни  топширди.
"Биз бу борада тайёргарлик ишларини бошлаяпмиз. Ҳукумат қозоқ алифбосини лотин графикасига ўтказиш борасида дастур тузиши лозим", - дейилади Назарбоевнинг "Эгемен Казахстан" ("Мустақил Қозоғистон") газетасидаги муаллифлик мақоласида.
 
 
"Олимлар ва жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг 2017 йил якунига қадар лотин графикасига асосланган янги қозоқ алифбосининг ягона стандарти ишлаб чиқилади.
2018 йилдан эътиборан янги алифбони ўргатувчи мутахассислар тайёрлаш ҳамда ўрта мактаблар учун дарсликлар чоп этиш лозим. Яқин икки йил ичида барча ташкилий ва услубий ишлар ўтказилади", -  таъкидлади қозоқ Элбошиси.
Янги алифбони жорий этишнинг дастлабки даврида кирилл ва лотин графикасидаги алифболар биргаликда ишлатилади.
 Ҳудди юртимиздаги каби қозоғистонликлар ҳам лотин графикасига асосланган алифбога босқичма-босқич ўтадилар.

Биз Twitterда